16:27 / 07.06.2016
9146

“Камолот” ЁИҲ туман ва ҳудудий кенгашларнинг VII конференцияларини ташкил этиш бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 7 июнь куни “Ёшлар ижод саройи”да “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман (шаҳар) ҳамда ҳудудий Кенгашларнинг Конференцияларини ташкил этиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Ҳаракатнинг Марказий Кенгаши аъзолари, фаол ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Шу йилнинг июнь-июль ойлари давомида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Уставига асосан Ҳаракатнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) Кенгашларининг VII ҳисобот-сайлов Конференциялари ўтказилмоқда.

Ҳаракат маҳаллий ва ҳудудий бўлимларининг олий органи ҳисобланган Конференциялар 2,5 йилда камида бир марта чақирилиб, унда Кенгашнинг ўтган даврдаги фаолияти юзасидан ҳисоботини тингланади, келгусидаги устувор вазифаларни белгиланади, шунингдек, Кенгаш раиси ва унинг ўринбосарлари, назорат-тафтиш комиссиясининг таркиби сайланади.

Айни кунда, Ҳаракатнинг Марказий Кенгаши томонидан навбатдаги VII Конференцияларни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилиб, чора тадбирлар режаси тасдиқланган. Унга мувофиқ, Конференцияларни ўтказиш юзасидан қуйи тизимларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатилди, тегишли тавсия ва ҳужжат намуналари ишлаб чиқилиб, жойларга юборилди.

Конференцияларни тенг ҳуқуқлилик, муқобиллик ва ошкоралик руҳида ўтишини таъминлаш, ўтган даврдаги фаолият юзасидан ёшларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, бу жараёнга кенг жамоатчилик, хусусан, оммавий ахборот воситалари вакилларини жалб қилиш мақсадида жорий йилнинг 1-7 июнь кунлари ҳар бир ҳудудда намунавий ҳисобот-сайловлар ташкил этилди.

Маҳаллий Кенгашларнинг навбатдаги Конференциясига сайланган делегатлар Ҳаракат фаолиятининг истиқболини аниқ тасаввур этадиган, ташкилотнинг самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган таклифлар бера оладиган фаол ёшлардан таркиб топиши айтилди. Конференцияларда турли миллат, жинс ва соҳа вакиллари иштирок этиб, 30 фоизидан ортиғини аёллар ташкил этиши кўзда тутилган. Конференцияларнинг жойларда очиқлик ва ошкоралик принциплари асосида ўтказиш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштироки таъминланиши режалаштирилган.

Таъкидлаш лозимки, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда мамлакатимизда ёшлар масаласи билан шуғулланувчи энг йирик нодавлат нотижорат ташкилоти — “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ўз ўрни бор.

Ҳозирги кунда Ҳаракат ўз атрофида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 4 миллиондан ортиқ йигит-қизни бирлаштирган. Ташкилот тизимида “Камалак” болалар ташкилоти (10 ёшдан 14 ёшгача бўлган 2 миллион нафарга яқин аъзоси бор), шунингдек, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида ташкил этилган 15 мингдан ортиқ бошланғич ташкилоти мавжуд.

Ҳаракат демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида ёшларнинг фаол иштирокини кучайтириш, мустақил фикрлайдиган, ўз ҳаётий позицияси ва мустаҳкам эътиқодга эга бўлган авлодни тарбиялаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш ва бандлигини таъминлаш, иқтидор соҳибларини қўллаб-қувватлаш, спортни ривожлантириш ва ўсиб келаётган ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш каби муҳим йўналишларда фаолият олиб бормоқда. Санаб ўтилган ушбу барча йўналишни жамласак, ёшларга оид давлат сиёсатининг яхлит концепцияси келиб чиқади.

Охирги беш йил мобайнида Ҳаракатнинг биргина ижтимоий-ҳуқуқий соҳадаги лойиҳалари салмоғи 5, иштирокчилар сони 8, ижтимоий ҳамкорлари сони эса 2 баробарга кўпайди. Мактаб ўқувчилари ўртасидаги “Ҳуқуқ билимдонлари”, академик лицей ва коллеж ўқувчилари ўртасидаги “Сиз қонунни биласизми?” ҳамда талабаларнинг “Тафаккур синовлари” республика кўрик-танловлари доирасида ёшлар мамлакатни демократик янгилаш, қолаверса, ўз ҳаётига дахлдор қонун лойиҳалари муҳокамасида бевосита иштирок этиб, фикр ва мулоҳазаларини билдириш имконига эга.

Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, парламентнинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ билан яқиндан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Шу кунгача ёшлар 10 га яқин қонун лойиҳаси муҳокамасига фаол жалб этилиб, улардан қарийб 500 дан зиёд конструктив таклиф олинди.

Конференцияларда Ҳаракат томонидан амалга оширилган ана шундай ишлар қуйи тизимлар мисолида холис таҳлил қилиниб, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда бошланғич ташкилотларнинг масъулияти ва таъсирини ошириш, “оммавий маданият” ва ахборот хуружларига қарши курашишда ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш, таълим сифатини таъминлашда жамоатчилик назоратини кучайтириш, ёшларни, айниқса ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини касбга йўналтириш ва иш билан таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш, ёшлар ўртасида эрта турмуш қуришни олдини олиш, вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликларининг профилактикасини самарали ташкил этишда кўмаклашиш каби масалаларга атрофлича тўхталиб ўтилади.

Top