11:10 / 07.06.2016
4948

Клинтон штаби ғалабани нишонламоқда ва Трампга қарши кампания учун 10 доллардан хайрия қилишни сўрамоқда

Ҳиллари Клинтоннинг сайловолди кампанияси учун тузилган штаби биринчи босқичдаги ғалабани муддатидан олдин нишонламоқда. Шу билан биргаликда собиқ давлат котиби штаби ўз тарафдорларини бўшашмасликка чақирган ҳолда, Трампга қарши кампания учун 10 доллардан хайрия қилишни сўрамоқда.

Бугун Associated Press агентлиги ўз ҳисоб-китобларига асосланган ҳолда Ҳиллари Клинтон кейинги босқичда Демократлар партиясидан ягона номзод сифатида иштирок этиши учун етарли бўладиган 2383 делегат овозини тўплаб бўлгани ҳақида маълум қилганди.

Клинтоннинг рақиби Сандерс эса ҳали барчаси олдинда экани ва курашни давом эттиришини маълум қилди.

Клинтон АР агентлигига бу хабар учун миннатдорчилик билдирган ва уларнинг ишончи оқланишига ваъда берган.

"Албатта, праймериз ҳали якунланмади. Катта штатлардаги сайловлар энди бўлиб ўтади. 10 доллардан хайрия қилинг ва Клинтонни қўллаб-қувватланг", дейилган Клинтоннинг штаби хабарида.

Шу вақтгача ўтказилган праймеризлар якунларига кўра, Клинтон 24та штатда устун келган, Сандерс эса 20та штатда. Бу сайловчилар сони билан ифодалаганда 13 миллионга қарши 10 миллион сайловчи демакдир. Делегатлар овози бўйича 2316:1547 нисбати юзага келган.

Клинтон хоним Филадельфияда 25-28 июль кунлари ўтказиладиган партия съездида АҚШ президентлиги учун расмий номзод сифатида кўрсатилиши кутилмоқда.

Top