22:31 / 12.06.2016
36118

Ота-онасини лаънатлайдиганлардан бўлиб қолмайлик

Сўкиш ёки сўкиниш Исломда катта беодоблик ва гуноҳлар қаторига киради. У ижтимоий алоқаларнинг бузилишига, инсонларнинг ҳақоратланишига олиб келадиган бадхулқликдир. Шунинг учун ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида сўкишни қаттиқ қоралаганлар.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насаий ва бошқа машҳур муҳаддислар Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилган машҳур ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмон кишини сўкиш фисқдир. У билан урушиш эса куфрдир», деганлар.

Маълумки, фосиқлик катта гуноҳ ҳисобланади. Шариат кўрсатган чегарадан чиқиб, гуноҳ ишларни қилувчилар фосиқ ҳисобланади. Фисқ диндан чиқишнинг бошланиши бўлиб, тавба қилмасдан, ўша гуноҳни давом эттирганлар диндан чиқади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда сўкиш фисқ, уруш эса куфр дейилаяпти. Чунки фисқ куфрга олиб борганидек, сўкиш ҳам урушга олиб боради.
Имом Баззор Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу дан ривоят қиладилар. У киши пайғамбаримизга санадини етказадилар. У зоти боборакот саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонни сўкиш ҳалокат жари ёқасига келганлигини англатади», деган эканлар. Жар ёқасига келгандан сўнг унга тушиб кетиш ҳеч нарса бўлмай қолади. Демак, сўкишга эътибор бермай, сўкса нима бўпти, дейиш мутлақо нотўғри ишдир.
Хусусан, сўкишни кўп ишлатадиган беодоб одамлар катта гуноҳларга сабаб бўладилар. Улар олий илм даргоҳларни битирганлар, катта мансабларни эгалаганлар, яхши кийиниб, яхши яшашлари ҳам мумкин. Аммо модомики, ичларида яхшиликка амал қилдирувчи куч йўқ экан, ўзларининг сўзларини тузатолмас эканлар, ким бўлишидан қатъий назар, фосиқ бўладилар, маданиятсиз, тубан инсон ҳисобланадилар. Ўзаро муомалада биринчи бўлиб сўккан одам катта маънавий жиноят қилган бўлади. Орадаги ҳурмат ва иззат, ўзаро тушуниш пардасини йиртган, ёмонликка йўл очган бўлади.

Имом Ибн Ҳиббон ривоят қилган ҳадисда Ниёз ибн Ҳимор қуйидагиларни айтадилар:
«Мен Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга «Эй Аллоҳнинг Расули! Бир одам мени сўкса, у ўзимдан паст бўлса, ундан ғолиб келадиган бўлсам, менга бирор нарса бўладими?» деб сўрадим. У зот: «Икки сўкишган, обрўйини тўкаётган ва ёлғон гапираётган кишиларикки шайтондир» дедилар.

Демак, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Ниёз ибн Ҳимор розияллоҳу анҳуга ўзини сўккан одамга жавоб қайтаришга изн бермадилар. Агар шундай қилса, икки беодоб шайтоннинг бири бўлиб қолишини англатдилар. Бу нарса ҳар бир мусулмоннинг ёдида доимо туриши лозим бўлган нарсадир.

Имоми Бухорий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Катта гуноҳларнинг каттаси инсоннинг ўз ота-онасини лаънатламоғидир», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули! Қандай қилиб одам ўз ота-онасини лаънатлайди», деб сўралди. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одам бировнинг отасини сўкса, у ҳам бунинг отасини сўкади , онасини сўкса, онасини сўкади», дедилар. Кўриб турибмизки, бу жуда ҳам ноқулай ҳолат экан. Ота-онага раҳмат, иззат-обрў келтиришнинг ўрнига ўзининг беодоблиги ила лаънат, сўкиш келтириш нақадар бадбахтлик.

Инсон ўзининг барча тасарруфотлари, ишлари, гап-сўзларини идора қила билиши, яхши сўзларни айтиб, яхши амалларни қилиб, ёмон сўз ва амаллардан қайтиши лозим. Исломда нафақат одамни, балки ҳайвонларни сўкиш ҳам манъ қилингандир. Ёш болаларимизни шу руҳда тарбиялаб боришимиз керак. Катталар эса, бу борада уларга ўрнак бўлишлари зарурдир.

Top