12:48 / 12.06.2016
4992

Рой Ҳожсон: «Кейинги ўйинда бошқа ҳужумчилар туширишим мумкин»

Англия терма жамоаси бош мураббийи Рой Ҳожсон Россияга қарши ўйиндан кейинги матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

«Менда футболчиларда қандай бўлса, шундай ҳиссиётлар. Очиғини айтганда, биз қаттиқ хафамиз. Биз ғалаба учун ўйнадик ва унга яқин эдик. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда гол ўтказиб юбордик ва бу аччиқ қалампир каби таъсир қилди. Футболда шунақаси ҳам бўлиб туради.

Энди бу ўйин тасвирларини кўриб чиқамиз ва бундан кейинги ўйинлар учун фойдали жиҳатлар олишга ҳаракат қиламиз. Умид қиламанки, биз бу голни тезда ёддан чиқара оламиз.

Билардим, Дайер жарима зарбаларини жуда зўр тепади, машғулотлар вақтида бунга кўп гувоҳ бўлганман. Гол рақиб майдони томонида қилинган кучли босим натижасида юзага келди, бу вазиятда рақиблар футболчиси қўполлик ишлатишга мажбур бўлганди.

Лаллана, Стерлинг ва Кейн учлиги Стерлинг – Уэлбек – Руни учлиги каби ўйнади. Биз кейинги учликдан саралаш босқичи ўйинларида фойдаланганмиз. Биз ҳужум чизиғининг ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилдик, улар бугун жуда зўр ўйнаган бўлишсада, кейинги ўйинларда майдонга бошқа ҳужумчи туширишим мумкинлигини истисно этмайман.

Руни ҳақида гапирадиган бўлсак, у ўйинни юқори суъратда ўтказди. У ҳаракат қилди. Жуда кўп ҳаракат қилди. Ҳа, биз учинчи ўйинчи алмаштиришдан фойдаланишимиз ва натижа бошқача бўлиши ҳам мумкин эди, лекин охирги дақиқада муаммо пайдо бўлиши ва ғалаба бой берилиши мумкинлиги хаёлга ҳам келмаганди», – деган Ҳожсон.

Top