16:33 / 17.06.2016
5018

Давлат мулкини талон-тарож қилган ўқув спорт-техника мактаби клуби раҳбарига тегишли чора кўрилди

Қамбарали Сайфиддинов Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар”  ташкилоти Асака туман кенгаши тасарруфидаги ўқув спорт-техника мактаби клуби раҳбари лавозимида ишлаб келарди. Ўзгаларга ҳалоллик билан намуна бўлиш керак бўлган бу шахс текин бойлик орттириш илинжига тушди. У ана шу мақсадда ўзи раҳбарлик қилиб келаётган муассаса тасарруфидаги жами 3 миллион 586 минг сўмлик бензинни талон-тарож қилиш йўли билан ўзлаштирди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси ёзмоқда. 
Қамбарали бу жиноятларнинг изини ёпиши керак эди. Шунинг учун у бир ҳийла ўйлаб топди. Клуб раҳбари тасарруф қилган 2773 литр ёқилғининг гўёки мақсадли сарфланганини амалда кўрсатишга уринади. У бир нечта махсус йўл варақаларига сохта ёзувлар киритиб, қалбакилаштириб чиқади. Аммо у қор ёққанидан кейин ҳам босилган излар қолишини ўйлаб кўрмаган эди.

Шунингдек, Қ.Сайфиддинов ўз тасарруфидаги бир нечта компьютер, мебель ва бошқа жиҳозларни, оҳак ҳамда қурилиш маҳсулотларини ҳам сотиб юборади ва пулларни ўз мақсади йўлида сарфлайди. Жамиятга фойда эмас, қарийб ўн миллион сўмлик зарар келтирган Қамбарали шу билан чекланмайди.

Спорт-техника мактабида текшириш ўтказилганида у 34 миллион 505 минг сўмлик мажбурий солиқ ва бошқа тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлагани ҳам аниқланди.

Жиноят ишлари бўйича Асака туман суди ушбу ҳолатни кўриб чиқиб, ҳукм ўқиди. Унга кўра, Қамбарали Сайфиддинов 1 йил мобайнида моддий жавобгарлиги бор бўлган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромадига ушлаб қолинган ҳолда, 2 йиллик ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилди.

Top