21:54 / 20.06.2016
5543

Тошкентда ўтган давра суҳбатида “Жамоатчилик назоратини таъминлашда ОАВнинг ўрни ва роли” мавзусида сўз юритилди 

2016 йил 20 июнь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги Миллий матбуот марказида партиянинг “Медиа олам: тенденциялар ва истиқболлар” лойиҳаси доирасида “Жамоатчилик назоратини таъминлашда ОАВнинг ўрни ва роли” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, ҳудудий Кенгашлар матбуот котиблари, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари, журналистлар ҳамда партия фаоллари иштирок этди. 

Агар 1991 йилда Ўзбекистонда 395 та оммавий ахборот воситаси фаолият олиб борган бўлса, мустақиллик йилларида яратилган кенг шароитлар туфайли оммавий ахборот воситаларимизнинг сони ҳозирда 1400 дан зиёдни ташкил этмоқда. Бугун Ўзбекистонда ОАВ тўққизта тилда нашр этилади ва эфирга узатилади. Республикада айниқса, нодавлат ОАВ тез ривожланмоқда. Телеканал, радиоканаллардан ташқари веб-сайтлар ҳам ОАВ сифатида рўйхатдан ўтказилмоқда. 

Кейинги йилларда оммавий ахборот воситаларини янада демократлаштириш ва либераллаштириш, олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда уларнинг фаоллигини ошириш, медиа маконга илғор ахборот-коммуникация технологияларини бевосита жорий этишга қаратилган қарийб 10 та қонун ҳужжати қабул қилинди.   

Тадбир сўнггида 2015 йилда Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкил топганининг 20 йиллиги муносабати билан таъсис этилган партия фаолиятини тарғиб қилувчи энг яхши журналистик материал учун “Куч — адолатда!” республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Кўрик-танлов ташкилий комиссиясига партия фаолиятини фаол ёритиб келаётган 50 нафарга яқин ижодкорлардан жами 400 дан ортиқ материаллар келиб тушди.

Кўрик-танлов якунларига кўра телевидение, радио, матбуот ва интернет йўналишларида энг яхши журналистик материаллар ҳамда муаллифлари партиянинг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар. Шунингдек, матбуотчилар байрами муносабати билан партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг матбуот котиблари профессионал фотоаппаратлар билан рағбатлантирилди. “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририятининг энг фаол ижодий ва техник ходимларига партиянинг қимматбаҳо совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлари топширилди.

Top