14:02 / 21.06.2016
5886

Врачлик пункти раҳбарига нафсига яраша жазо тайинланди

Нишон туманидаги “Гулистон” қишлоқ врачлик пункти раҳбари лавозимида ишлаган Маҳмараим Пардаев жамоада ўзига яраша обрў-эътиборли инсон эди. Нима бўлди-ю, нафс қулига айланди қолди... 

ҚВП стоматолог врач ўрни бўшагач, унинг нияти бузилди. Бошқаларга билдирмай, янги ходим келгунига қадар “ўзи йўқнинг кўзи йўқ” қабилида иш тутиб, бўш иш ўрни учун иш ҳақи ёзиб, ўзлаштириш пайига тушди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ”нашри ёзмоқда.

Албатта, М.Пардаев бу ишни ёлғиз эплай олмасди.  Шу сабабли ҚВП менежери вазифасида ишлаган Холмурод Мансуровни ўзига шерик қилиб олди. Кейинчалик, унинг хизматаларини рағбатлантириб маошига қўшимча ҳақ тўлаб турди.
М.Пардаев Х.Мансуровнинг ёрдами билан иш ҳақи тўлов қайдномаларига бир йил давомида бўш ўрни учун маош ёзиб келган. Шу тариқа 2014 йилнинг 1 январидан 2015 йилнинг 1 январига қадар ўзининг пластик карточкасига 5 млн.981 минг сўмдан ошиқроқ пул ўтказиб, бюджет маблағини талон-тарож қилган. Бироқ кутилмаганда бу сир фош бўлиб, раҳбар жамоа олдида изза бўлди.

Бундан  ташқари, М.Пардаев ва Х.Мансуров ходимларига иш ҳақи тўлашда ҳам эътиборсизликка йўл қўйиб, 11 нафар ходимга катта миқдорда ортиқча маблағ тўлаб юборилишига сабабчи бўлган. Ўтказилган текширув давомида 2015 йилнинг 1 октябрь ҳолатида давлатга жами 6 млн.561 минг 840 сўм зарар етказилганлиги маълум бўлди. Бунинг оқибатида ҚВПда ишловчи 22 нафар ходимга жами 13 млн.281 минг 728 сўм иш ҳақи кам тўланган.

Аниқланган қонунбузарликлар юзасидан Маҳмараим Пардаев ва Холмурод Мансуровга нисбатан жиноий иш очилди. Суриштирув ва тергов жараёнида етказилган барча зарарнинг тўлиқ қопланиши таъминланди.

Жиноят ишлари бўйича Нишон туман суди Маҳмараим Пардаевга мазкур қилмишлари учун иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қоган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш иши, 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Шунингдек, Холмурод Мансуровга ҳам жинояти учун иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш иши, 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Top