09:15 / 22.06.2016
9605

Америка Кубоги: Аргентина АҚШни йирик ҳисобда енгиб финалга чиқди

Америка Кубогида ярим финал босқичининг биринчи учрашуви ўтказилди. АҚШда кечаётган турнир ярим финалида мезбонлар Аргентинага қарши майдонга чиқишди ва йирик ҳисобда ютқазишди.

Ўйиннинг 3-дақиқасидаёқ аргентиналиклар ҳужумчиси Эсекьель Лавесси Мессининг пасини голга айлантириб, ҳисобни очди. Биринчи бўлим ўрталарида Мессининг ўзи жарима зарбаси орқали жамоаси устунлигини оширди - 2:0.

Иккинчи бўлимда эса Гонсало Игуаин яна 2та гол билан ҳисобни йирик кўринишга келтирди - 4:0.

Шу тариқа, Аргентина терма жамоаси 28-марта Америка Кубоги финалига чиқди. Жамоа энди 15-соврин учун ҳаракат қилади.

Ярим финалнинг иккинчи учрашуви Тошкент вақти билан 23 июнь куни, соат 05:00да бошланади. Бу учрашув Колумбия ҳамда турнирнинг амалдаги ғолиби Чили ўртасида ўтказилади.

Учинчи ўрин учун баҳс 26 июнга, финал 27 июнга белгиланган.

АҚШ – Аргентина 0:4 (0:2, 0:2)
Голлар: 0:1 – 3 Лавесси, 0:2 – 32 Месси, 0:3 – 50 Игуаин, 0:4 – 86 Игуаин.
АҚШ – Гьюзан, Йедлин, Кэмерон, Брукс, Джонсон, Зардес, Брэдли, Беккерман (Бирнбаум, 60), Зуси, Вондоловски (Пулишич, 46), Демпси (Нагбе, 78).
Аргентина – Ромеро, Меркадо, Отаменди, Фунес Мори, Рохо (Куэста, 84), Фернандес (Биглия, 59), Маскерано, Банега, Месси, Игуаин, Лавесси (Ламела, 67).
Огоҳлантиришлар: Вондоловски (31).

Top