18:02 / 23.06.2016
4928

66 йил умри Ирландия терма жамоаси билан ўтган мухлис

...Лиллдаги «Пьер Моруа» стадиони олдида бир гуруҳ ирландиялик мухлислар кабоб еб, пиво ичиб ўтиришибди. Улардан бири ҳар дақиқада кимдир билан селфи тушиб келмоқда. Йўқ, у ҳеч қандай юлдуз ёки футболчи эмас. Шунчаки, мухлис... 

Тони Брин. Ирландия терма жамоасининг 72 ёшли мухлиси.

«1949 йил олти ёшимда отам «Гудиссон Парк»га олиб борди. Биз Ливерпулда яшардик. Тўғриси, ўшанда футболга қизиқмаганман. Бу отамга ёқмас эди. Лекин бир куни отам мени яна бир ўйинга олиб борди. Англия ва Ирландия ўйинига. Ўша кундан футбол ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланган. Ирландия 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Англияни ўз уйида енгган биринчи жамоа Ирландия бўлган.

Ўшандан буён Ирландия терма жамоаси билан 48 мамлакатда бўлдим. Учта жаҳон чемпионати, иккита Европа чемпионати. Агар бу мусобақада гуруҳдан чиқолмасак, хафа бўлмайман. Чунки ҳозир таркибимиздаги йигитлар энг зўр авлод деёлмайман, лекин улар майдонда жонларини беришмоқда»,- деганди Тони бундан олдинроқ берган интервьюсида.

Ирландияликлар футболга оилавий боришни яхши кўришади. Мана бу мухлисларни қаранг. Икки ака-сингил футбол ўйнамоқда. Болакай жамоаси Италияни енгишига ишонмоқда: «Мен синглимни қанчалик осон ютсам, Ирландия ҳам Италияни шундай осон ютади».

Эслатиб ўтамиз, кеча Италияни 2:1 ҳисобида мағлуб этган Ирландия Европа чемпионатининг 1/8 финалига йўл олди.

Манба: Tribuna.uz

Top