09:45 / 23.06.2016
40243

Кўксарой қароргоҳида 22 июнь куни ХХР Раисини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин 21 июнь куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Кўксарой қароргоҳида 22 июнь куни ХХР Раисини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ислом Каримов ва Си Цзиньпин шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Хитойнинг давлат мадҳиялари янгради. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Ислом Каримов ва Си Цзиньпиннинг тор доирадаги суҳбатида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Президент Ислом Каримов Хитой Раисини мамлакатимизга ташрифи билан қутлаб, дўст хитой халқига самимий ҳурматини изҳор этди. 

ХХР Раиси Ўзбекистонга навбатдаги ташрифидан мамнун эканини билдириб, ўзаро ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Маълумот учун: ХХР Раиси 2013 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган. Ўзбекистон Президенти 2014 йил август ойида давлат ташрифи билан Хитойда бўлди. Ислом Каримов ва Си Цзиньпин 2015 йил сентябрда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 70 йиллигига бағишлаб Пекинда ўтган тадбирлар доирасида ҳам учрашдилар.    

Шунингдек, икки давлат ҳукуматлари ва идоралари ўртасида техникавий-иқтисодий, инвестициявий, савдо ва нефть-газ соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, интеллектуал мулк ҳуқуқини муҳофаза қилишга оид ва бошқа ҳужжатлар имзоланди. 

Икки давлат раҳбарлари оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда музокаралар ўзаро ишонч ва ишчанлик руҳида ўтганини таъкидладилар. Муҳокама қилинган барча масалалар бўйича томонларнинг позиция ва қарашлари бир хил ёки ўхшаш экани қайд этилди. Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислиги даврида амалга оширилган ишларга юксак баҳо берди.

Давлат раҳбарлари Мустақиллик майдонига ташриф буюрдилар. Олий мартабали меҳмон ўзбек халқи ҳуррияти, порлоқ истиқболи ва эзгу ниятлари рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. Си Цзиньпин Мустақиллик майдонининг меъморий ечими, чуқур мазмун-моҳиятига юқори баҳо берди.

Top