10:11 / 24.06.2016
11849

Буюк Британия аҳолиси муҳожирлар оқими эвазига 65 млн кишидан ошиб кетди

Буюк Британия аҳолиси иммиграция даражасининг кескин ошиши ортида биринчи марта 65 млн кишидан ошди. Бу ҳақда Бирлашган Қироллик миллий статистика хизмати маълум қилди.   

Дастлабки маълумотларга кўра, мамлакат аҳолиси бир йил ичида  (2015 йил июнига кўра) 513 минг кишига ошди: бунда 335,6 минг тоза миграция (мамлакатга келган одамлар ва ундан кетган одамлар орасидаги фарқ) ва 171 минг эса табиий кўпайиш (туғилганлар ва вафот этганлар ўртасидаги фарқ) ҳисобига ошди. Шу тариқа, Буюк Британияда истиқомат қилувчи аҳоли сони 65,1 млн га етди.

"Бу рақамлар Буюк Британия аҳолиси йилига тахминан ярим миллион кишига ортаётганини тасдиқлайди. Бундай суръат сақланиб қоладиган бўлса, аҳоли сони яқин 20 йил ичида 10 млн га кўпаяди. Аҳоли сони ошган сари бизнинг фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича имкониятларимиз борган сари камайиб боради", деб Times газетасида вазиятга изоҳ берди Migration Watch UK ташкилоти вице-раиси Альп Мехмет.

Айни вақтда Буюк Британияда Европа Иттифоқининг 2,1 млн фуқароси ишлайди, бу Буюк Британиянинг Европа Иттифоқига кирган вақтидан бери рекорд кўрсаткичдир. Миллий статистика хизматининг таъкидлашича, ўтган йилнинг июль-сентябрида Буюк Британияга рекорд даражада поляклар ва Европа давлатларининг бошқа халқлари вакиллари келди.   

Тоза миграция кўрсаткичининг назоратсиз ўсиши Буюк Британиянинг ЕИда қолиш тақдири масаласи бўйича референдум ўтказилишига сабаб бўлди. Мамлакат бош вазири Дэвид Кэмерон "ЕИ давлатларидан миграцияни қаттиққўллик билан назорат қилиш чораларини қўллаш" зарурлигини талаб қилмоқда. У тоза миграция йилига 300 минг кишини ташкил қилаётганини йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат деб атамоқда. Унинг айтишича, "ҳаракатланиш эркинлиги тамойили ЕИнинг янги аъзоларига қўлланмаслиги керак".

Top