23:08 / 26.06.2016
5383

Евро-2016. Германия Словакияни 3:0 ҳисобида енгиб, чорак финалга чиқди

Германия терма жамоаси Европа чемпионатининг нимчоракфиналида Словакия билан куч синашиб 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Биринчи бўлим немисларнинг катта устунлиги остида ўтди. 8-дақиқадаёқ ҳисоб очилди. Тўп бурчакдан жарима майдонига етказилганда, ҳимоячилар уни қайтаришга муваффақ бўлишди. Қайтган тўпга етиб келган Жером Боатенг узоқ масофадан кучли зарба йўллаб, пастки бурчакни аниқ нишонга олди - 1:0.

Орадан бироз вақт ўтгач, Шкртел жарима майдони ичида Гомесни қоида бузган ҳолда тўхтатиб қолди. Бош ҳакам пенальти белгилади. Бироқ Месут Ўзил уни аниқ амалга оширолмади. Дарвозабон Козачик тўпни қайтаришга муваффақ бўлди.

Шундан сўнг ҳам Германия ўйин суратини пасайтирмади. 43-дақиқада ҳисобдаги фарқ ошди. Дракслер чап қанотда ҳимоячини алдаб ўтиб, жарима майдонига кириб келди ва тўпни Гомесга узатди. Ҳужумчи эса яқин масофадан дарвозани осонлик билан ишғол этди.

Иккинчи бўлимда ўйин йўналиши ўзгармади. 63-дақиқада ҳисоб йирик кўринишга келди. Бурчакдан оширилган тўпни Хедира боши билан Дракслерга ташлаб берди. У эса яқин масофадан зарба йўллаб, тўпни осонлик билан дарвозага киритди.

Шундан сўнг, ҳакамнинг финал ҳуштагига қадар немислар ўйин тизгинини қўлдан чиқаришмади ва ишончли ғалаба қозониб, чоракфиналга йўлланма олишди.

Германия кейинги босқичда Испания-Италия жуфтлиги ғолиби билан тўқнаш келади.

Евро-2016.  1/8 Финал.
Германия – Словакия 3:0
Голлар:
Боатенг (8), Гомес (43), Дракслер (63).
Германия: Нойер, Хуммельс, Боатенг (Хеведес, 72), Хектор, Кроос, Киммих, Ўзил, Хедира (Швайнштайгер, 76), Дракслер (Подольски, 72), Гомес, Мюллер.
Словакия: Козачик, Шкртел, Шкриньяр, Дьомбер (Салата, 84), Дюрица, Куцка, Грошовски, Вайсс (Грегуш, 46), Гамшик, Пекарик, Дюриш (Шестак, 64).
Огоҳлантиришдар: Шкртел (13), Киммих (46), Хуммельс (67), Куцка (90).

Top