12:13 / 01.07.2016
25405

Халқаро ҳамкорлик: бандлик имконлари ва миграция жараёнлари

Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигига чорак аср тўлиши қалбларимизга улкан қувонч бахш этади. Республикамизнинг мустақил давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзосига айланиши, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш сари дадил одимлари улкан ижтимоий-тарихий жараёндир. Халқимиз томонидан истиқлол йилларида босиб ўтилган тарихий йўл, эришилган улкан ютуқ ва марралар, уларнинг моҳияти ва аҳамияти беқиёсдир. Бу ютуқлар давлатимизда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов раҳбарлиргида юритилаётган оқилона сиёсат ва истиқлолни мустаҳкамлаш йўлидаги халқимизнинг фидокорона меҳнати билан амалга ошаётганини теран англашимиз лозим.

Мамлакатимизда изчил тарзда давом этаётган ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми фуқароларнинг меҳнат қилишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш ҳисобланиб, соҳада давлат сиёсатининг асосий тамойиллари доирасида кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ҳар қандай давлат тараққиётида иш ўринлари яратиш, бандликни таъминлаш ва шу тариқа аҳоли фаровонлигини ошириш асосий омиллардан бири саналади. Мамлакатимизда ушбу долзарб масалага дастурий ёндашув асосида жиддий эътибор қаратилиб, аниқ манзилли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Унинг мақсади аҳолини иш билан таъминлаш бўйича комплекс ва бир-бирига ўзаро боғлиқ чора-тадбирларни ҳудудлар ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг бу борадаги салоҳиятини сафарбар қилиш йўли билан рўёбга чиқариш, демографик ва меҳнат бозори омилларини ҳисобга олган ҳолда бандликнинг самарали шаклларини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашишдан иборат. 

Биламизки, ҳукуматимиз белгилаган дастур бўйича бу йил 992,7 минг нафар иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган. Хусусан, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларининг 511,5 минг нафар битирувчиси ҳамда хориждан қайтаётган 318,3 минг нафардан ортиқ фуқарони ишга жойлаштириш чоралари кўзда тутилганди. Мазкур режалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Меҳнат вазирлиги “Иш ўринлари ташкил ташкил этиш ва аҳолини бандлигини таъминлаш” дастурининг бажарилиши ва бандликнинг самарали шаклларини ривожлантириш борасида иш олиб бормлқда. 2016 йил январь-апрель ойларида 193 та туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказларига иш сўраб мурожаат этган 76,7 минг нафар фуқароларнинг ишга жойлаштирилишига кўмаклашилди. Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказлари орқали 42,2 минг нафар фуқаролар вақтинчалик бир марталик ишларга жалб қилинди. Иш қидираётган фуқаролар учун мақбул келадиган ишни қидириш муддатини қисқартириш мақсадида 383 та бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилиб, уларда 16,2 мингта иш берувчилар вакиллари ва 78,9 минг нафар иш қидираётган фуқаролар иштирок этишди. Ярмаркалар натижасига кўра 13,0 минг нафар шахс ишга йўлланма олишди, 37,9 минг нафар фаол иш қидираётганларга меҳнат, бандлик ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатлар берилди. Меҳнат бозорида аҳолининг ижтимоий муҳофаза муҳтож тоифалари бандлигини таминлаш учун маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда банд қилинган (квота) иш ўринларига 20,2 минг нафар фуқаро жойлаштирилди. Ишсизларнинг меҳнат бозоридаги рақобатга бардошлигини кучайтириш ва иш билан таъминлаш мақсадида 2,0 минг нафар ишсиз фуқаро тикувчилик, тўқувчилик, электрик, пайвандчилик, бўёқчилик, сувоқчилик, компьютер техникаси оператори ва бошқа шу каби меҳнат бозорида талаб қилинаётган касблар бўйича ўқитилди. Корхоналар билан ҳамкорликда 1,8 минг нафар ишсиз фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. Ўзбекистон Республикаси бўйича корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан 2016 йил 5 май ҳолатига кўра, 72,7 мингдан ортиқ бўш (вакант) иш ўринлари тўғрисида маълумот топширилди ва ish.Mehnat.uz сайтига жойлаштирилди. 2016 йил январь-апрель ойларида ҳудудлар ва йўналишлар кесимида 259 мингта иш ўрни ташкил этилди.

Фуқароларимизнинг конституциявий ҳуқуқи бўлган меҳнат ҳуқуқини рўёбга чиқаришнинг яна бир муҳим йўналиши – ташқи меҳнат миграцияси соҳасидир.  Ҳозирги даврда жаҳонда меҳнат ресурслари учун кураш кескинлашган, йирик ишлаб чиқариш кучлари арзон ва сифатли ишчи кучи учун дунё меҳнат бозорида рақобатлашаётган бир пайтда халқаро меҳнат миграцияси ниҳоятда долзарб ахамият касб этмоқда. Албатта бундай шароитларда давлатлараро миграция оқимларини тартибга солиш, нолегал миграцияси кўламини пасайтириш ҳамда мигрантлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳар бир давлат ўз қонунчилигини такомиллаштириши, миллий идораларини таъсис этиши табиийдир. Ўзбекистон Ҳукумати қарорларига кўра Ўзбекистон фуқароларини чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳамда чет эллик фуқароларни Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жараёнининг ташкилий-ҳуқуқий таъминотини Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эллардаги меҳнат фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 505-сонли Қарорига биноан Ўзбекистон Республикасида ташқи меҳнат миграцияси масалалари фақатгина Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги ваколатли идора – Ташқи меҳнат миграцияси масалалари Агентлиги ва Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича Тошкент, Фарғона, Нукус, Бухоро, Қарши минтақавий бюролари зиммасига юклатилган.

Ташқи меҳнат миграция масалалари агентлиги қошида Чет элга кетаётган фуқароларни жўнаб кетишдан олдинги мослаштириш ва ўқитиш маркази фаолият кўрсатмоқда. Марказ номзодни ишга юборилаётган мамлакат қонунчилиги, тили, урф-одатлари, меҳнат фаолияти олиб бориладиган корхона ёки ташкилотлардаги техника хавфсизлиги, санитария-гигиена қоидалари билан таништириш, хориждаги иш берувчи талабига кўра тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиш масалалари билан шуғулланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 505-сонли қарорга кўра, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг тузилмаси ва Ташқи меҳнат миграцияси масалалари Агентлиги тўғрисидаги Низом тасдиқланган.  Агентликнинг асосий вазифаларига, жумладан, меҳнат миграцияси соҳасидаги халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет элларда ва хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикасида ишга жойлаштириш учун квоталар ажратиш ва рухсатномалар бериш масалалари бўйича хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилиш; Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини рўёбга чиқаришда ишга жойлаштириш, чет элларда ишга жойлаштиришга номзодлар билан дастлабки кўникув тадбирларини ўтказиш йўли билан уларга кўмаклашиш; Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эллардаги ва хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидаги меҳнат фаолиятини мувофиқлаштириб бориш; фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги минтақавий бюролар, шунингдек Чет элларга кетаётган фуқароларни олдиндан кўниктириш ва ўқитиш маркази фаолиятини мувофиқлаштириш; хорижий ишчи кучларини ёлловчи чет эл фирмалари (корхоналар, муассасалар, компаниялар) билан ҳамкорликни ривожлантириш; Ўзбекистон Республикаси фуқароларига чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижий мамлакатларга жўнатиш учун номзодларни танлаб олиши бўйича Идоралараро комиссиянинг қарорларига мувофиқ рухсатномалар бериш (рухсатномаларнинг амал қилиш муддатини узайтириш); юридик шахсларга хорижий ишчи кучларини жалб этиш учун рухсатномалар бериш (рухсатномаларнинг амал қилиш муддатини узайтириш), шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармалари таклифларига мувофиқ ҳамда ташқи меҳнат миграцияси жараёнлари таҳлилини, аҳоли меҳнат миграциясини ривожлантиришнинг узоқ муддатли ва ўртача муддатли прогнозларини ҳисобга олган ҳолда хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятига тасдиқномалар бериш киради.

Қонуний асосда меҳнат қилиш чет элда ишловчилар ҳуқуқларини кафолатлашнинг муҳим шартидир. Ўзбекистон халқаро меҳнат бозорининг тўлақонли аъзоси сифатида ушбу глобал жараёнлардан четда қолганийўқ. Конституциямизда меҳнат ҳуқуқи, ҳаракатланиш эркинлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Шу сабабли фуқароларимиз хорижга ишлаш, тажриба орттириш учун чиқишга ҳақлидирлар. 

Юқорида қайд этилган қарор ижроси доирасида амалга оширилаётган меҳнат миграцияси йўналишларидан иккитасини шартли равишда кўрсатиб ўтиш мумкин. Биринчиси — бу агентлик томонидан берилган рухсатнома бўйича хусусий меҳнат шартномаси асосида фуқароларнинг хорижга чиқиши ҳисобланади. Бунда ҳамюртларимиз чет элда иш берувчини мустақил топадилар. 

Фуқаролар агентликка ариза, хорижий фирмадан (иш берувчидан) олинган давлат тилига таржима қилинган, барча ижтимоий кафолатлар ва тиббий суғурта кўрсатилган, шунингдек, меҳнат визаси билан таъминлаш борасида иш берувчининг мажбурияти назарда тутилган ҳолда нотариал тасдиқланган контракт нусхаси, иш берувчи тўғрисидаги қисқа маълумотлар, маълумотнома, тиббий суғурта топширади, давлат божини тўлайди. Агентлик ҳужжатларни идоралараро комиссияга киритади. Агар комиссия ижобий қарор қабул қиладиган бўлса, фуқарога чет элда меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатнома берилади. Дунёнинг ўттизга яқин мамлакатида фуқароларимиз шу тариқа меҳнат қилмоқдалар. Сўнгги икки йил давомида Чехия, Туркия, Швейцария, Франция, БАА, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларда ишлаш учун шундай рухсатномалар берилган.

Ташқи меҳнат миграциясининг иккинчи йўналиши – давлатлараро, ҳукуматлараро келишувлар, битимлар орқали ташкилий меҳнат фаолиятини уюштиришдир. 2006 йил Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Меҳнат вазирлиги ўртасида Жанубий Кореяга бандиликка рухсат бериш тизими бўйича (Эркин ёллаш) ишчи юбориш тўғрисида Меморандум имзоланган бўлиб, мазкур Меморандум ҳар икки йилда узайтирилиб келинмоқда. Ушбу Меморандум доирасида 2007-2016-йиллар давомида Эркин ёллаш тизими бўйича корейс тили тестлари ташкиллаштирилиб, улардан муваффаққиятли ўтган 25543 юртдошимиз Корея Республикасида ишга жойлаштирилдилар. Айни пайтда бу мамлакатда 16885 Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилмоқда.

Ҳозирги кунда бир неча йўналишда иш олиб борилмоқда. Хусусан, Япония билан ҳамкорликни кенгайтириш доирасида 2012 йил 28 майда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳамда Япониянинг таълим соҳасидаги ҳамкорлик бўйича халқаро ташкилоти (JITCO) ўртасида ўзаро Англашув меморандуми имзоланган. Агентлигимиз ушбу ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон фуқароларини “Кунчиқар юрт”га техник стажировкага юборишни таъминлайдиган ваколатли орган сифатида белгиланган. Бугунги кунга қадар япониялик шериклар билан бир қатор учрашув ва музокаралар ўтказилди. Натижада 2015 йил 26 июнда “Чуо Сангьё Шинко” ассоциацияси билан битим имзоланди. Унга мувофиқ, республикамизнинг япон тилини биладиган ва тегишли ихтисосликка эга фуқаролари ушбу мамлакатда стажировка ўташлари мумкин. Чет элларга кетаётган фуқароларни олдиндан кўниктириш ва ўқитиш марказининг “Уно” корпорацияси билан ҳамкорлик алоқалари натижасида ишчилар чет элга боришдан олдин малакаларини янада мустаҳкамлаш учун махсус марказ ташкил қилиш режалаштирилган. Шунингдек, Япония корпорацияси бош офисида Ўзбекистон — Япония ахборот маркази ишга туширилади.

Агентликнинг яна бир муҳим шерикларидан бири Россия Федерацияси ҳисобланади. Россия малакали ва малакасиз ишчи кучига талаби катта бўлган, шу билан биргаликда, фуқароларимиз учун тарихий яқинлик ва тил тўсиғининг йўқлиги, ишга жойлашиш харажатларининг озлиги сабабли қулай бўлган ривожланаётган мамлакатдир. Икки давлат ўртасида миграция соҳасидаги ҳамкорликни тартибга солиш мақсадларида 2007 йилнинг 4 июлида  “Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги меҳнаткаш-мигрант фуқароларнинг ва Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги меҳнаткаш-мигрант фуқароларининг меҳнат фаолиятлари ва хуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Келишуви имзоланган. Россия Федерацияси билан меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид ҳукуматлараро битимни амалга ошириш доирасида қўшма ишчи гуруҳининг бир қатор учрашувлари ўтказилиб, уларда ишчиларни МДҲга аъзо давлатларга ташкиллаштирилган ҳолда жалб қилиш механизмлари муҳокама этилди. Республикамиз фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун уларни ишга ёллашни ташкиллаштириш тўғрисида битим лойиҳаси кўриб чиқилиш босқичида турибди. 

Шунингдек, чет эл мамлакатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Чехия, Польша, Ўмон Султонлиги ва бошқа давлатлар билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик ўрнатилмоқда. 
Дунё давлатлари билан миграция соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун Ҳалқаро Миграция Ташкилоти, “Прага жараёни” ҳамда “Будапешт жараёни” халқаро тузилмалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.  

Ўзбекистон Республикаси глобаллашув даврида жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви баробарида миграция жараёнлари кучайиши табиийдир. Юртимизнинг исқтисодий ўсишлари, беқиёс ютуқларимиз дунёнинг назарини бизга қаратмоқда. Бошқа мамлакатларнинг мутахассислари ҳам Ўзбекистонга ишга келмоқдалар. Масалан, 2015 йил давомида меҳнат фаолиятини олиб бориш учун жалб қилинган чет эл фуқароларига меҳнат фаолияти ҳуқуқи тасдиқномасини, уларни жалб қилаётган корхоналарга хорижий ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш рухсатномасини бериш бўйича 7813 та корхонанинг тегишли рухсатнома ва тасдиқнома олиши бўйича аризалари кўриб чиқилди. Хорижий ишчи кучини жалб қилаётган 1469 та корхона (иш берувчи)га хорижий ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш рухсатномалари ҳамда 6344 нафар хорижий фуқароларга меҳнат фаолияти ҳуқуқи тасдиқномалари расмийлаштирилди.

Хорижда ишлаган ишчи янги, замонавий касбларни ўрганиб, касб малакасини ошириб юртга қайтади. Агентлигимиз Меҳнат вазирлиги ва тегишли бандлик хизматлари билан ҳамкорликда хориждан қайтган ишчиларни ишга жойлаштириш соҳасида ҳам муайян ишларни амалга оширмоқда.

Улуғбек НАЗАРОВ,
Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи.

Top