19:08 / 04.07.2016
42918

Жаҳоннинг энг митти давлатлари

Жаҳон сиёсий харитасида 250 га яқин мустақил давлат бор. Шулардан 193 таси БМТга аъзо бўлиб кирган. 250 та давлатнинг орасида халқаро майдонда ўз айтар сўзи бўлган қудратлилари ҳам бор. Бу каби давлатлар ер майдони ва аҳолиси сони бўйича ҳам йирик мамлакат ҳисобланади. Йирик ва қудратли давлатлар қаторида жаҳон харитасида кичик мамлакатлар ҳам топилади. Аҳоли сони оз, ҳудуди кичик бўлишига қарамай, кичик давлатлар орасида жаҳон сиёсатида муҳим роль ўйновчилари хам бор.

Бу каби давлатлар сирасига Ватиканни киритиш мумкин. Бугун биз энг кичик давлатлар ҳақида қисқача маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Кариб денгизида жойлашган Гренада давлатининг ҳудуди 344 квадрат километр бўлиб, пойтахти Сент-Жоржес шаҳридир. Мамлакат аҳолиси 89 минг 502 кишидан иборат. Давлат тузуми конституцион монархия ҳисобланади. Гренада илк бор 14-асрда Колумб томонидан кашф қилинган. Айни дамда қишлоқ хўжалигига катта эътибор берилмоқда. Асосан банан, цитрус мевалар, ёнғоқ етиштирилиб, бошқа давлатларга экспорт қилинади. Гренада оффшор ҳудуди бўлгани боис, молиявий хизматлар туфайли ҳар йили мамлакат хазинасига 7,4 миллион доллар келиб тушади.

Ҳинд океанидаги 1 минг 100 та оролдан иборат Мальдив Республикасининг пойтахти Мале шаҳри бўлиб, бу мамлакатда 393 минг киши яшайди. Мамлакат аҳолиси, асосан, балиқчилик билан шуғулланади, аммо Мальдив ороллари жаҳондаги энг яхши курорт ҳисоблангани боис иқтисодиётининг катта қисми хизмат кўрсатиш соҳасига қаратилади. Ялпи Ички маҳсулотиининг 28 фоизи хизмат кўрсатиш ҳиссасига тўғри келади. Ноёб табиати ва иқлими боис саёҳларнинг севимли масканига айланган. Бу ерда ҳайвонларнинг ҳовлилари деярли учрамайди.

Сент-Китс ва Невис давлати Кариб денгизи шарқида жойлашган. 50 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган бу давлатнинг пойтахти Бастер шаҳридир. Федерация кўринишидаги Сент-Китс ва Невис мамлакати иккита оролдан ташкил топган. Иқлими тропик бўлиб флора ва фаунаси жуда ҳам бой. Туризм ривожланган. Ялпи Ички маҳсулотининг 70 фоизини туризм ташкил қилади. Қишлоқ хўжалигини тараққий этган деб бўлмайди.

Маршалл оролларининг пойтахти Маджуро шаҳри бўлиб, бу мамлакат аҳолиси 53 минг кишидан ошади. Тинч океанидаги мазкур мамлакатда 29 атолла ва 5 та орол бор. Иқлими ранг-баранг бўлиб, жануби тропик, шимоли эса яримчўлдир. Флора ва фаунасига инсон омили таъсир кўрсатган. Бу ерда 1954 йилда ядро синовлари ўтказилган. Шу сабабли ҳам бу мамлакатда ўсимликларни камдан кам учратасиз. Иқтисодиёти, асосан, хизмат кўрсатишга йўналтирилган. Қишлоқ хўжалигида етиштириладиган маҳсулотлар ички эҳтиёжни қоплайди.

Ғарбий Европадаги Австрия ва Швецария билан чегарадош Лихтенштейн давлатида 37 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Пойтахти Вадуц шаҳри. Кичик бўлишига қарамай бу мамлакат жуда ҳам гўзалдир. Лихтенштейн князлиги технологик жиҳатдан анча тараққий этган. Мамлакатда аниқ приборсозлик ривожланган. Шунингдек, Лихтенштейн жаҳондаги энг йирик молия марказларидан бири саналади. Банк хизмати анча тараққий этган. Аҳоли турмуш фаровонлиги ҳам юқори даражада.

Сан-Марино давлатида 32 минг аҳоли яшайди. Европанинг жанубий қисмида жойлашган мазкур мамлакат Италия билан чегарадош. Сан-Марино жаҳонинг нафақат кичик давлати, балки Европадаги энг қадимий давлат ҳисобланади. Бу давлатга эрамизнинг 3-асрида асос солинган. Пойтахти Сан-Марино шаҳри бўлиб Монте-Титано тоғида жойлашган. Бу тоғ ва у ердаги қадимий бинолар ЮНЕСКО томонидан Инсониятнинг маданий мероси рўйхатига киритилган.

Аҳолиси 11 минг кишидан сал ошадиган Тувалу давлатининг пойтахти Фунафути шаҳридир. Бу давлат Тинч океанидаги атолла ва ороллардан ташкил топган. Иқлими тропик. Мавсумга қараб ёғингарчилик ва қурғоқчилик бўлиб туради. Айрим ҳолларда орол орқали вайрона келтирувчи циклонлар ўтади. Океаниядаги бошқа давлатлар сингари Тувалунинг иқтисодиёти давлат секторига таянади, айрим ҳолларда қишлоқ хўжалиги ва балиқчиликка қаратилган.

Тинч океанидаги Науру давлатининг расмий пойтахти йўқ. Ҳукумат Ярен округида фаолият юритади. Мамлакат аҳолиси 10 минг кишидан иборат. Науру энг кичик давлатлар рўйхатида учинчи ўринда туради. Мамлакатда, асосан, фосфорит етказилади. Туризм деярли ривожланмаган. Табиати жуда ҳам ифлосланган.

Монако давлатининг аҳолиси 36 минг кишидан иборат. Пойтахти ҳам Монако деб юритилади. Франция билан чегарадош бўлган мазкур мамлакат казинолари билан машҳур. Шунингдек бу мамлакатда спорт ишқибозари жуда кўп. Формула I чемпионатлари ўтказиб турилади. Туризм даромад келтирувчи тармоқлардан биридир. Монакода солиқлар энг кам бўлиб, банк сири мутлоқо махфий сақланади. Монако қуролли кучлари сафларида 82 нафар ҳарбий хизматчи бор. Аммо ҳарбий оркестрда эса 85 киши меҳнат қилади.

Африка қитъасида энг кичик мамлакат сифатида Сейшель ороллари тан олинади. Шимолий Америкада эса Сент-Китс ва Невис давлати кўрилади. Жанубий Америкада эса Суринам энг кичик мамлакат экани айтилади. Буюк Британия соҳилларидаги Силенд давлатининг мустақиллиги бирор бир мамлакат томонидан тан олинмаган. Шу сабабли ҳам бу давлатни энг кичик мамлакатлар рўйхатига киритиб бўлмайди. 

 

Шарофиддин Тўлаганов

Top