21:28 / 07.07.2016
5350

Республика маслаҳат-ташхис поликлиникаси реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди

Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказининг маслаҳат-ташхис поликлиникаси реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Ўз йўналиши бўйича етакчи даволаш-профилактика ва илм-фан муассасаларидан бири бўлган мазкур марказда замонавий технологиялар воситасида ички аъзолар касалликлари эрта босқичда аниқланмоқда. 

Электронейромиография жаҳон тиббиётидаги энг янги самарали усуллардан бири. Асаб тизимлари касалликларини барвақт аниқлаш имконини берувчи ушбу замонавий усул мазкур маслаҳат-ташхис поликлиникасида ҳам жорий этилди, бу борада қўлланиладиган янги технология – электромиограф аппарати билан жиҳозланди. Мутахассислар ушбу технологиядан фойдаланиш бўйича тараққий этган хорижий мамлакатларда малака оширди. Мазкур технологиядан нафақат неврология, балки эндокринология, ревматология, кардиология, травматология ва ортопедия йўналишларидаги касалликларни эрта босқичларда аниқлашда унумли фойдаланилмоқда. 

Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказида олиб борилаётган илмий изланишлар натижасида юрак-қон томир касалликларини даволашнинг янгича усуллари ўзлаштирилди. Коронор артериялар ангиопластикаси ва стентлаш амалиёти бунга мисолдир. Шундай операцияларни ўтказиш мақсадида бу ерда интервенцион кардиология бўлими ташкил этилди. Операция хоналари янги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. 

Ҳозирги кунда давлат гранти бўйича ўнга яқин илмий изланишлар олиб борилмоқда. Улар юрак-қон томир, ўпка, нафас йўллари, суяк-бўғим, ошқозон-ичак касалликларини барвақт аниқлаш, тиббий реабилитация хизматини янада ривожлантиришга қаратилган.

Марказда реконструкция ва модернизация ишлари давом этмоқда. Физиотерапия ва балнеология бўлимлари замонавий андозалар асосида таъмирланмоқда. Бундай ишлар аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада оширади.

Top