08:25 / 07.07.2016
9050

"Союз МС" коинот кемаси Ер орбитасига муваффақиятли чиқарилди

7 июлда Тошкент вақти билан соат 6:36 да Бойқўнғир космодромидан учирилган "Союз-ФГ" ракета-ташувчиси "Союз МС" бошқарилувчи коинот кемасини Ер атрофи орбитасига муваффақиятли олиб чиқди. Кема Халқаро коинот станциясига 3 фазогирни етказиши керак. 

Ракета ва кеманинг барча тизимлари ишчи тартибда ишлади, парвоз муаммоларсиз ўтди. "Союз"нинг ХКС билан туташуви 9 июлда Тошкент вақти билан соат 8:45 да амалга оширилади. 
 
Кема экипажи таркибига уч фазогир – россиялик фазогир ва кема сардори Анатолий Иванишин, япониялик Такуя Ониси ва NASA фазогири Кэтлин Рубинс кирди.

"Союз МС" кемаси "Союз ТМА-М" кемасининг янги модернизацияланган версияси бўлиб, кемада ГЛОНАСС тизими датчиклари ўрнатилган. Улар Парвозларни бошқариш марказига кема ерга қўнгандан кейин унинг координаталарини узатади. Бундан ташқари, кема қуёш батареяларининг юқори энергия бериш тизими, коинот станциясига яқинлашиш ва у билан туташишнинг юқори ишончли тизими, янги алоқа ва пеленгация тизими, рақамли телевизион радиолиния, қувватлироқ ва енгилроқ компьютер тизими ҳамда метеоритларга қарши қўшимча ҳимоя билан жиҳозланган.

Top