13:58 / 09.07.2016
20098

Биз билмаган Короваи қабиласи

Короваи (korowai) ёки колуфо қабиласи Индонезиянинг Папуа Янги Гвинея вилоятида истиқомат қилади. Аҳоли сони тахминан 3 минг кишидан иборат. 70-йилларга қадар уларнинг борлиги фанга маълум эмас эди.

Экспертларнинг фикрича, қабиланинг оз сонли қисмигина ўқиш ва ёзишни билади. Айрим олимлар уларни одамхўр дейишгача боришди. Аммо бу фикрлар ҳозиргача ўз тасдиғини топганича йўқ. Бир нарса аниқ, улар ердан 12-50 метр баландликда – ўшанда ҳам дарахтларга уй қуришади. Бунга ўзларини ёвуз руҳлардан, ўзга қабила ва йиртқич хайвонларнинг ҳужумларидан ҳимоя қилиш асосий мақсад сифатида кўрилади. Шу сабабли ҳам бу қабила аъзоларини дарахтларда яшовчилар, десак тўғрироқ бўлади.

Бундан ярим асрлар муқаддам короваи қабиласи ер юзида ўзларидан бошқа халқлар истиқомат қилишини хаёлларига ҳам келтиришмаган бўлса ажабмас. Шу сабабли ҳам ўз ҳудудларига келган “ёт киши”ларни нохушлик билан кутиб олишди ва ҳатто уларни йўқ қилишгача бориб етишди. Тўғрироғи, улар замонавий дунё билан мулоқот қилишдан ўзларини олиб қочишди. Дарахтларда истиқомат қилувчи бу халқ чақирилмаган меҳмонларни  ёқтирмагани аниқ.

Папуа Янги Гвинеяда яшовчи қабилалар турмуш тарзини тўғри англашимиз керак. Улар бизнинг тассавуримиздан мутлақо бошқача турмуш тарзига одатланишган. Дарахтдаги уйда иккита хона бўлиб, улардан бири эркакларга, иккинчиси аёллар ва болаларга мўлжалланган.

Эркаклар, асосан, овчилик билан шуғулланишади. Уларнинг қуроли, асосан, ёғочдан иборат. Шу сабабли ҳам олимлар бронза асри короваи қабиласига ҳали етиб келмаганлигини айтишади. Металл буюмлар борлигини улар ҳаёлларига ҳам келтиришмайди. Хўжаликда ҳайвонларнинг суякларидан ясалган пичоқлар ишлатилади. Эркаклар, асосан, оғир ишларни бажаришади. Улар овқат учун дарахтларни кесишади, уй қуришади, хонадонларни қўриқлашади ва бошқа хўжалик ишларини бажаришади. Уларни яхши овчи деб бўлмайди. Тўғрироғи турли ҳашоратлари териб кун кўради, десак янглишмаган бўламиз. Чуқур қазиб, у ерга ёввойи ҳайвонларни ҳайдаб боришади-да, сўнг уларни овлашади.

Маҳаллий аборигенларнинг одатига кўра, улар бўш қолди дегунларича тамаки чекишади. Мана шу сабаб уларнинг умри узоқ бўлмаса керак. Болалар 5-6 ёшдан чекишга ўргатилади. Аёлларнинг ҳам оғзидан тамаки тутуни аримайди.  Энг фожиали томони қабила аъзоларининг ўртача ёши 30 ёшни ташкил қилади. Шунда ҳам эркаклар аёлларга нисбатан оз умр кечиради. Этнограф олимларнинг айтишича, улар асосан ёшликда, кўп ҳолларда мастликда вафот этишади.

Короваи қабиласи аъзолари пойабзал нималигини билишмайди. Аёллари қўлга тушган нарсаларни тақинчоқ сифатида фойдаланишади. Тош асрида яшовчи бу қабиланинг дафн маросими ҳақида ёзишнинг ўзи бир даҳшат. Аньанага кўра эридан айрилган аёл бармоғини, аёлидан айрилган эркак эса қулоғини кесади. Ўз навбатида, бева қолган аёл турмушга чиқади. Шундай вазиятлар бўлганки, бирин кетин эридан ажралган аёллар бармоқсиз қолган. Мурдани дарахт баргларига ўрашади-да, ўрмонга ташлаб кетаверишади. Жасадлар йиртқич ҳайвонларнинг емишига айланади. Қабиланинг тили бор, аммо ёзуви йўқ. Уларнинг бирор бир динга сиғиниши ҳам мавҳумлигича қолмоқда. Ҳаттоки халқ тиббиётидан ҳам бехабарлиги боис ўлим даражаси юқори кўрсаткичларга эга. 40 ёшга кирган қабила аъзоларини кекса дейиш мумкин. Улар ўрмонда мавжуд бўлган барча касалликларга чалинишади. Оддий касалликдан ўлиб кетаверишади.

Дарахт тепасидаги уйга болаларни онаси ёки отаси олиб чиқади. Катта бўлгач болаларнинг ўзлари уйга чиқиши керак. Вақт ўтиши билан бу қабила аъзолари замонавий дунё билан аста-секин мулоқот қила бошлади. Шу сабабли уйлар ҳам пастроққа қурилмоқда.

Короваи қабиласи иссиқ чой ёки қаҳва нималигини билишмайди. Улар оддий сувни ичишади. Уларнинг ҳаёт ҳақидаги қарашлари жуда жўн. Қабила аъзолари ўзларини қуршаб турган дарахтлар ва ундаги уйни дунё деб ўйлашади. Ундан кейин эса “Катта Ўрмон” келади. “Катта ўрмон”дан кейин “Катта Сув”га чиқилади. Ундан кейин эса “Марҳумлар олами” келади. “Ёт кишилар”ни “Марҳумлар олами” вакиллари сифатида кўришади. Шу сабабли Короваи қабиласи ёт кишилардан ҳайиқиб туришади. Короваи аҳли сайёралар ҳақида мутлақо тассавурга эга эмас. Шунингдек, улар йил ойлари, ҳафталари, кунларини ҳам билишмайди. Ўзларининг, фарзандларининг ёши билан асло қизиқишмаган. 

80-йиллардан бошлаб ҳолландиялик миссионерлар улар билан алоқа ўрната бошлади. 1983–1985 йилларда миссионерлар илк қишлоқларни барпо қилди. Бироқ бу муаммоларни келтириб чиқарди. Ўрмон кўчманчилари ва миссионерлар ўртасида тўқнашувлар юз берди. Шу сабабли бу ҳудудларга кириш тақиқланди. Бугунги кунда мазкур тақиқланган ҳудудларга бориш учун махсус “сурат ялан” - деб номланмиш рухсатнома олиниши керак. Короваи қабиласи, асосан, ташқи дунёдан келган сайёҳлар билан Индонезия миллий валютасида савдо-сотиқ қилади. Тўғрироғи АҚШ долларини олишмайди. Чунки бу пул  билан нима қилишларнни билишмайди. Улар сайёҳларга тош болталарини, камон ёйларини, денгиз чиғаноқларини, ҳайвонларнинг тишларини сотишади. Уларни саньат асари деб бўлмаса-да сайёҳлар харид қилишади.

Короваиларнинг кичик дунёси оддий сабабларга кўра йўқ бўлиб кетиши мумкин. Чунки бу қабила аъзолари истиқомат қиладиган ўрмонларга аста-секин  цивилизация кириб  бормоқда.
                          
Шарофиддин Тўлаганов

Top