16:35 / 10.07.2016
6789

Жанубий Судан марказидаги тўқнашувлар туфайли 270дан ортиқ киши ҳалок бўлди

Жанубий Судан пойтахти Жуба шаҳрида рўй берган тўқнашувлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 272 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақида Рейтер агентлиги ҳукуматдаги манбасига асосланган ҳолда хабар тарқатган.

Бундан аввалги хабарларда Жанубий Судандаги ҳукумат кучлари ва мухолифлар ўртасидаги тўқнашувлар оқибатида 150 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани айтилганди. Қурбонлар орасида тинч аҳоли вакили бўлган 33 киши борлиги айтилганди.

Агентлик маълумотларига қараганда, 8 июль куни мамлакат президенти Салва Киир ва Машар ўртасида президент қароргоҳида бўлиб ўтаётган музокаралар давомида отишма юзага келган. Бундан ташқари, армия казармалари жойлашган Гудель ва Жебель туманларида тўқнашувлар бўлиб ўтган.

Жанубий Судан 2011 йили Судандан ажралиб чиққанди. 2013 йил декабрида Салва Киир қўзғолончиларнинг собиқ етакчиси, ўзининг ўринбосари Риек Машарнинг лавозимидан бўшатиши Жанубий Суданда можаро келиб чиқишига сабаб бўлди. Икки сиёсатчи ўртасидаги қарама-қаршилик туфайли уларнинг тарафдорлари, икки хил миллат вакиллари ўртасида тўқнашувлар содир бўлиши тезлик билан авж олди. Бунинг натижасида 10 мингга яқин киши ҳалок бўлди, 2,2 миллион аҳоли қочқинга айланди.

2015 йилнинг августида томонлар сулҳ тузишганди. Шу йилнинг январь ойидан бошлаб улар миллий бирлик ўтиш ҳукумати тузишга келишиб олди. 26 апрель куни Машар вице-президент лавозимига қайта ўтиш учун мамлакат пойтахти Жуба шаҳрида қасамёд келтирди.

28 апрель куни президент ҳукуматнинг янги таркибини эълон қилди. Унга кўра, Киирнинг партияси Мудофаа ва Молия вазирликларини, Машар тарафдорлари эса Ички ишлар вазирлиги ва нефть ишларини бошқаради. Қолган мухолифатчилар Ташқи ишлар вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирликларини бошқаради. Янги маҳкама 24 июнь куни қасамёд қилганди.

Top