10:45 / 11.07.2016
4418

Европа чемпионати-2016 финал ўйини ўтказилаётган пайтда Парижда 40 нафар қоидабузар қўлга олинди

Португалия терма жамоаси Франция жамоаси устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган Европа чемпионатининг финал ўйини ўтказилаётган бир вақтда Париж ва Сен-Денида жамоат тартибини бузганлик учун тахминан 40 киши қўлга олинди. Бу ҳақида Париж полицияси маълумотларига асосланиб, ТАСС агентлиги хабар берди. 

Пойтахт полиция бошқармаси хабарларига кўра, аксарият қоидабузарлар Эйфел минораси яқинидаги фан-зонада қўлга олинган. Бу ерда финал ўйини бошланишига бир баҳя қолганда безориларнинг полиция билан тўқнашувлари авжига чиқа бошлади. Қизиққон ёшлар олдиндан тўлиб бўлган фан-зона ҳудудига киришга ҳаракат қилишди.

Безорилар ҳуқуқ-тартибот ходимларига қарата шиша бутилкалар ва оғир жисмларни отишди. Полиция ходимлари ҳужумга жавобан кўз ёш сиздирувчи газни қўллашга мажбур бўлишди. Бу жиддий тутун буруқсишига олиб келди, аммо шу йўл билан безорилар тўдасини тарқатишга муваффақ бўлинди. 

Тартибсизликлар чоғида 2 киши ўтиб кетаётган автомобиль ғилдираги остида қолиб жабрланди, улардан бири шифохонага етказилди. Полиция томонидан жабр кўрганлар ҳақида эса маълумот йўқ. 

Полиция префектураси маълумотларига кўра, яна бир неча футбол мухлиси Сен-Денидаги финал ўйини ўтказилаётган Stade de France майдонига кираверишда қўлга олинган. Қоидабузарлар безорилик ва ноқонуний савдо ҳаракатлари туфайли жавобгарликка тортилди. 

Шунингдек ўйин пайтида футбол фанатлари бир неча автомобилларни ёқиб юборгани ҳақида ҳам маълум қилинди. Финал ўйини давомида Эйфел минораси ҳудудидаги тўқнашувлар тинмади, ўйин тугаганидан сўнг эса Елисей далаларида давом этди. 

Португалия терма жамоаси турнир эгалари бўлган французларни Эдернинг қўшимча вақтдаги ягона голи ҳисобига мағлуб этиб, финал ўйинида 1:0 ҳисобини қайд этишди. Бу Португалия учун Европа турниридаги илк ғалабадир. 

Теглар: Париж, Эйфел минораси, Сен-Дени, қоидабузарлик, тартибсизлик, полиция, мухлислар, финал ўйини

Top