18:21 / 12.07.2016
7998

ХХР Жанубий-Хитой денгизидаги бир қатор оролларга эгалигини эълон қилди

фото:© AP Photo

Хитой ТИВ баёнотида айтилишича, Хитой Жанубий-Хитой денгизидаги бир неча ороллар устидан суверенитетга эгадир. 

12 июль куни Ҳаага ҳакамлик суди Хитойнинг Жанубий-Хитой денгизидаги оролларга қилаётган ҳудудий даъволари учун асос топа олмагани боис, расмий Пекин уларга ҳақли эмас, деган хулосага келган эди. Суд қарорига кўра, ХХР Спратли архипелагидаги иқтисодий ҳудудга даъвогарлик қила олмайди. 

Хитой ТИВ бёнотида айтилишича, ХХР хитой халқи ва ҳукуматининг тарихий тажрибаси ҳамда мамлакатнинг ҳозирги ҳукумати сиёсати, халқаро ва ички қонунлар, хусусан "БМТ денгиз ҳуқуқи Конвенцияси" асосида Жанубий-Хитой денгизининг қатор оролларига даъво қилиш ҳуқуқига эга. 

"Хитой Дунша ороли, Сиша (Парасел) архипелаги, Чжунша ва Наньша (Спратли) ороллари устидан суверенитетга эгадир", — дейилади ХХР ТИВ баёнотида. 

Унда шунингдек, Хитой Жанубий-Хитой денгизининг ички ва ҳудудий сувлари ҳамда унинг ён-атрофидаги ҳудудларига суверен ҳуқуқларга эгалиги таъкидланган. Бундан ташқари, Хитой Наньша (Спратли) архипелагидаги алоҳида иқтисодий ҳудудга ҳақли экани таъкидланган. 

2013 йил январида Филиппин ҳукумат биртомонлама асосда Халқаро арбитраж судига мурожаат қилиб, Жанубий-Хитой денгизидаги айрим ҳудудий тортишувларга ойдинлик киритишни сўраган эди. Хитой дастлаб, ариза биртомонлама берилгани ва маҳкаманинг ҳудудий тортишувларни ҳал этиш бўйича ваколатин йўқлигини айтиб, суд мажлисларида қатнашишдан бош тортиб келди. 

Филиппин томонига кўра, расмий Манила Хитой билан музокаралар ўтказиш воситасида тортишувга барҳам беришга бир неча маротаба уринган. Бироқ, улар ҳар доим омадсизликка учрагач, Халқаро ҳакамлик ҳайъатига арз қилишга мажбур бўлган. 

 

Top