12:51 / 13.07.2016
4973

Solar Impulse 2: оламшумул саёҳатнинг сўнгги нуқтаси - Қоҳира

Фото: Reuters

Қуёш батареясидан ташкил топган ва дунё бўйлаб саёҳатга чиққан Solar Impulse 2 самолёти 13 июль тонг пайтида Қоҳирага қўнди. Бу ҳақда лойиҳа сайтидаги маълумотлар хабар бермоқда. Сайтда самолёт парвози тўғридан тўғри эфирга узатилмоқда.

Solar Impulse 2 Қоҳирага 11 июль куни Севильядан қилган парвозидан сўнг қўнди. У Миср пойтахтидаги халқаро аэропортга қўнишдан олдин Гиза эҳромлари тепасида ярим соат вақт мобайнида рамзий парвоз уюштирди. Қоҳира ушбу оламшумул саёҳатнинг энг сўнгги нуқтаси бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Solar Impulse 2 2015 йил 9 март куни Абу-Дабида ўзининг ер юзи бўйлаб саёҳатини бошлаган эди. У аллақачон Уммон, Ҳиндистон, Мьянма, Хитой, Япония ва АҚШда бўлди. Уни навбати билан икки учувчи Андре Боршберг ва Бертран Пикар бошқармоқда.
Solar Impulse 2 2014 йил 2 апрелида расман намойиш қилинган эди. Унинг оғирлиги 2,3 тонна бўлиб, қаноти 72 метрни ташкил этади. Ҳаво лайнерига 17,2 минг дона қуёш батареялари ўрнатилган. Унинг максимал тезлиги соатига 140 километрни ташкил этади.

Top