09:46 / 15.07.2016
5132

Жанубий Судан пойтахтида БМТнинг озиқ-овқат омборхонаси талон-тарож қилинди

Жанубий Судан пойтахти Жуба шаҳрида БМТнинг 4,5 тонна озиқ-овқат сақланаётган омборхонаси талон-тарож қилинган.

"Ўтган ҳафтада ҳарбий ҳаракатлар бошлангунига қадар омборхонада 4,5 тонна маҳсулот бор эди. Бу кейинги 1 ой давомида 220 минг кишини боқиш учун етарди. Омборхонада юк машиналари, электрогенераторлар ва бошқа буюмлар ҳам сақланарди", дейилган хабарда.

БМТ бутундунё озиқ-овқат дастури бўйича Жанубий Судандаги вакил Жойс Лума аввалги шунга ўхшаш ҳолат бўйича айбдорлар топилгани ва жазоланганини эслатиб ўтиб, бу сафар ҳам жиноятни содир этганлар тутилишига умид билдирган.

Жанубий Судан 2011 йили Судандан ажралиб чиққанди. 2013 йил декабрида Салва Киир қўзғолончиларнинг собиқ етакчиси, ўзининг ўринбосари Риек Машарнинг лавозимидан бўшатиши Жанубий Суданда можаро келиб чиқишига сабаб бўлди. Икки сиёсатчи ўртасидаги қарама-қаршилик туфайли уларнинг тарафдорлари, икки хил миллат вакиллари ўртасида тўқнашувлар содир бўлиши тезлик билан авж олди. Бунинг натижасида 10 мингга яқин киши ҳалок бўлди, 2,2 миллион аҳоли қочқинга айланди.

2015 йилнинг августида томонлар сулҳ тузишганди. Шу йилнинг январь ойидан бошлаб улар миллий бирлик ўтиш ҳукумати тузишга келишиб олди. 26 апрель куни Машар вице-президент лавозимига қайта ўтиш учун мамлакат пойтахти Жуба шаҳрида қасамёд келтирди.

28 апрель куни президент ҳукуматнинг янги таркибини эълон қилди. Унга кўра, Киирнинг партияси Мудофаа ва Молия вазирликларини, Машар тарафдорлари эса Ички ишлар вазирлиги ва нефть ишларини бошқаради. Қолган мухолифатчилар Ташқи ишлар вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирликларини бошқаради. Янги маҳкама 24 июнь куни қасамёд қилганди.

Top