15:45 / 21.07.2016
8224

Афғон ҳарбийлари бир сутка ичида 120 нафар жангарини йўқ қилишди

Афғонистон хавфсизлик кучлари сўнгги суткалар ичида мамлакатнинг бир қатор провинцияларида махсус операциялар давомида камида 120 жангарини йўқ қилишди. Бу ҳақида мамлакат Мудофаа вазирлиги маълумотига асосланиб, Синьхуа хабар берди. 

Вазирликнинг маълум қилишича, ИШИДнинг деярли 50 нафар жангариси Афғонистоннинг шарқий провинцияси бўлган Нангархарда йўқ қилинган. "Толибон" радикал ҳаракатининг 20 нафардан ортиқ жангариси мамлакат жанубидаги Ғилмон вилоятида ўлдирилган. Яна 50 нафар жангари Пактия шарқий провинциясида йўқ қилинган. 

Рейд давомида Афғонистон хавфсизлик кучлари жангариларнинг қурол-яроғи ва ҳарбий анжомларини олиб қўйишга ҳамда қўлда ясалган портловчи моддаларни зарарсизлантиришга муваффақ бўлишди. 

Махсус операция давомида мамлакат қуролли кучлари сафида хизмат қилган 4 нафар киши ҳалок бўлган. 

Шуни таъкидлаш лозимки, сўнгги пайтларда Афғонистондаги вазият сезиларли даражада ёмонлашди. "Толибон" радикал ҳаракати йирик шаҳарларга ҳужум қилишни бошлади. Шу билан бирга Афғонистон ҳудудида ИШИД террорчи гуруҳининг фаолияти ҳам ошиб бормоқда. 
 

Top