07:42 / 26.07.2016
6135

ИШИДга пул билан ёрдам бермоқчи бўлган калифорниялик 15 йилга озодликдан маҳрум этилди

Google image

АҚШнинг Калифорния штатида яшовчи Адам Дандач 25 июлда Санта-Ана шаҳри округ суди томонидан ИШИД террорчилик гуруҳига молиявий кўмак кўрсатиш ва Сурияга бориш мақсадида АҚШ фуқароси паспорти нусхасини алдов йўли билан олишга уриниш учун умрбод кузатув остида бўлиш шарти билан 15 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Агентлик маълумотларига кўра, 22 ёшли Дандач ўтган йили террорчилик гуруҳига молиявий кўмак кўрсатмоқчи бўлгани ва онаси унинг хорижга чиқиб кетишининг олдини олиш мақсадида олиб қўйган паспортини алдов йўли билан алмаштирганини тан олган. 

Дандач паспорт нусхасини олиб, 2014 июлда Сурияга кетмоқчи бўлган, бироқ ФҚБ агентлари томонидан Санта-Анадаги аэропортда ушланган. Агентлар йигитнинг телефонида жиҳодчилик мадҳиялари ва гуруҳ томонидан назорат қилинувчи ҳудудлар хариталарини аниқлашган. Прокурорларнинг айтишича, йигит ФҚБ агентларига террорчилик гуруҳига қўшилмоқчи бўлгани ва ўзини ҳимоя қилиш учун қурол билан машғулот ўташни режалаштирганини маълум қилган.

Top