17:44 / 26.07.2016
5480

2016 йилнинг 1-ярмида Тошкент вилоятида 46,3 минг янги иш ўрни яратилди

Тошкент вилоятида жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 7,3, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,6, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,8, қурилиш ишлари 10,5, хизматлар ҳажми 15,9, чакана савдо айланмаси 13,8 фоиз ўсди.

2016 йилги Инвестиция дастурига киритилган 70 йирик лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланиб, ҳисобот даврида 14,8 миллион сўм ва 331,2 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилди. Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш доирасида 98 ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди.

Хусусий мулкни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш давом эттирилиб, 165 давлат объекти “ноль” қийматда хусусий секторга сотилди. 

Тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш туфайли ҳисобот даврида 46,3 минг янги иш ўрни яратилди, уларнинг 36,7 мингтаси қишлоқ жойларда ташкил этилгани эътиборлидир. 

Вилоятда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг учун барча манбалар ҳисобидан 170,9 миллиард сўм ва 13,3 минг доллар йўналтирилди. 

Инвестиция дастурига биноан 103 ижтимоий соҳа объектини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш учун давлат бюджети ва мақсадли жамғармаларнинг 61,9 миллиард сўм пул маблағи ажратилиб, ҳисобот даврида 109,2 миллиард сўмлик иш бажарилди.

Top