17:01 / 29.07.2016
15358

“Мустақиллик – менинг тақдиримда” мавзусидаги онлайн мулоқот бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 29 июль куни “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан “Ёшлар ижод саройи”да “Камолот”да меҳмонда” лойиҳаси доирасида “Мустақиллик – менинг тақдиримда” мавзусида онлайн мулоқот бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов раҳнамологида истиқлол йилларида юртимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларнинг ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни ҳозирги замон талабаларига тўлиқ жавоб берадиган, ҳеч кимдан кам бўлмаган ва ҳар томондама етук шахслар қилиб вояга етказиш учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиш бўйича миқёси жиҳатидан улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимиз тақдирини, халқимизнинг эртанги кунини белгилаб берадиган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, уларнинг иқтидори, истеъдоди ва салоҳиятини, имкониятини, куч-ғайратини жамиятимизнинг турли жабҳаларида рўёбга чиқаришга қаратилган кенг ислоҳотлар ва ҳаракатларни алоҳида таъкидлаш жоиз.

Амалга оширилган ишлар, яратиб берилган имкониятлар самараси ўлароқ ёшларимиз бугунги кўплаб соҳаларда улкан ютуқларини қўлга киритмоқда. Ёшларимиз кўплаб соҳаларда қўлга киритаётган ютуқларни уларга яратилаётган имкониятлар, кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор самараси десак, асло муболаға бўлмайди. Ана шундай истеъдодли ёшларимизнинг фаолияти кўпчиликка ўрнак бўларли.

Тадбирда сўз устаси Валижон Шамсиев, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиби Бобур Зокиров, “Президент” стипендияси ва “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Нилуфар Аббосхонова, Ҳаракат фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мулоқот меҳмонлари учун Ҳаракатнинг www.kamolot.uz порталига 300дан ортиқ саволлар келиб тушди. Қаҳрамонларнинг саволлар юзасидан фикр-мулоҳазалари Ҳаракат порталининг форум бўлимига реал вақтда онлайн тарзда киритилиб, турли ижтимоий тармоқлар орқали 2,5 мингдан ортиқ ёшлар томонидан кузатиб борилди.

Мулоқот давомида ёш иқтидорларни кашф этишга қаратилган “Юлдузча” телевизион танлови иштирокчилари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.

 

Top