21:21 / 04.08.2016
4782

Intel’нинг смарт-соатлари инсон соғлиғи учун хавфли эканлиги маълум бўлди

Intel компаниясига тегишли Basis Science компанияси Peak ақлли соатларининг ҳар бир сотилган моделини инсон соғлиғи учун хавфли эканлиги сабабли қайтариб олмоқда. Маълум қилинишича, қўлга тақилувчи гаджет қизиб кетиши сабабли хавф туғдиради ва тери билан таъсирлашганда билакни куйдириши мумкин.

Intel қурилманинг барча эгаларига пулларини қайтаришга ваъда берди. Смарт-соатлар томонидан йиғилган маълумотларни синхронлаштириш учун "булутли" хизматлар 2016 йил 31 декабрда ёпилади. Бу сана киргунча фойдаланувчилар соат томонидан йиғилган барча фитнес-статистикани CSV-файл кўринишида кўчириб олишлари мумкин бўлади.

Basis нуқсоннинг мавжудлигини харидорлар соат "ноқулайлик туғдириши, қўлларни қавартириши ва куйдиришидан" шикоят қилганларидан кейин июнь ўрталарида тан олганди ва соатлардан вақтинчалик фойдаланмасликни тавсия қилганди. Охирги бир неча ой давомида компания камчиликни бартараф этиши керак бўлган дастур устида иш олиб борган, бироқ ҳеч қандай натижага эриша олмаган. "Афсуски, бизнинг барча саъй-ҳаракатларимизга қарамасдан, биз муаммонинг ечимини топа олмадик", дейилган компанияда. 

Basis Science компанияси Intel томонидан 2014 йилда сотиб олинган. Компания соатлардан қанча миқдорда сотилганини маълум қилмаган, бироқ куйиш ва у билан боғлиқ бўлган ҳолатлар сотилган соатлардан тахминан 0,2 фоизида пайдо бўлишини маълум қилган.  

АҚШда Basis Titanium харидорлари 344 доллар олишади. Товон пули ичига соатлар, солиқлар ва етказиб бериш қиймати киради. Basis Peak фойдаланувчилари эса 234 доллар, яъни ўз нархидан 100 доллар кўпроқ товон пули олишади. Бундан ташқари, соатга олинган исталган расмий аксессуарларнинг тўлиқ қиймати 10 кун ичида қайтарилади.

Top