07:35 / 04.08.2016
5093

Номаълум кимса Лондон марказида одамларга пичоқ билан ташланди

Лондоннинг марказий қисмида жойлашган Рассел-сквер майдонида маҳаллий вақт билан соат 22.30да номаълум кимса одамларга пичоқ билан ҳужум қилган. Оқибатда бир киши ҳалок бўлган ва беш киши яраланган. Воқеа жойига полиция ва тез ёрдам бригадалари етиб келган.

Воқеа жойида яраланган 6 киши аниқланган. Кейинроқ улардан бири бўлган аёл киши олинган жароҳатлардан вафот этган.

Босқинчи ҳибсга олинган. Полиция жиноятчини қўлга олишда электрошокер қўллаган. Воқеа жойи ўраб олинган. Полиция теракт версиясини истисно этмаяпти.

Жабрланганлар аҳволи ҳақида ҳозирча ҳеч нарса маълум қилинмаган. Полиция жиноят сабабларини аниқлаштирмоқда.

CNN’нинг маҳаллий ҳукумат вакилларига иқтибос келтирган ҳолда маълум қилишича, жабрланганлар орасида АҚШ фуқароси бўлиши мумкин. Полициячилар воқеа жойига бир эркак одамларга ҳужум қилаётгани ҳақидаги хабарлардан кейин етиб келган. Жиноятчи 10 дақиқа ичида қўлга олинган.

Ушбу ҳужум Скотленд-Ярд Лондонни терактлардан ҳимоялаш учун қўшимча 600 қуролланган полициячини жалб қилиши ҳақидаги эълонидан бир неча соат ўтиб содир этилди.

Top