19:46 / 09.08.2016
12751

Мунаввара Усмонова: “Уюшма аъзолигига ҳеч қандай тўсиқ ва муаммолар мавжуд эмас!..”

Кўпчилик мухлислар таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолияти ҳамда аъзолик қоидалари ҳақида саволлар беришади. Биз ушбу талаб ва истакларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси адабий маслаҳатчиси, таниқли шоира Мунаввара Усмонова билан суҳбат уюштирдик.

- Ассалому алайкум Мунаввар опа, аввало, сизни ижодий жамоамиз номидан Мустақиллигимизнинг 25 йилик шодиёнаси билан табриклайман. Суҳбатимизни Ёзувчилар уюшмасининг байрамолди тайёргарлик ишлари ҳақида бошласак.

-  Раҳмат! Энг улуғ, энг азиз байрамимиз ҳисобланган Истиқлол шодиёнамиз барчамизга муборак бўлсин. Юртимизда мазкур айёмга қизғин тайёргарлик ишлари кетмоқда. Ёзувчилар уюшмасида ҳам бир қатор дастур ва режалар амалга оширилиш кўзда тутилган бўлиб, айни шу кунларда 76 нафар таниқли шоир ва ёзувчиларимиз республикамиз бўйлаб тарғибот ишларида фаол иш олиб боришмоқда. “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда “Биз буюк юрт фарзандларимиз!” ёшлар фестивалларида ҳам энг олди қаторларда, камарбасталик билан хизмат қилишмоқда. Қолаверса, “Энг улуғ, энг азиз” номли танловимизни якуний босқичини ўтказиш арафасидамиз. Болаларимизнинг севимли адиблари Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон, Турсунбой Адашбоевларнинг кўмаклари остида икки жилдлик “Болалар антологияси”, “Соғлом она ва бола йили” давлат дастурини таъминлаш мақсадида “Кўзим қароғидасан, болам” деб номланган китобларимиз чоп этилди. Шунингдек, “Ким эдигу, ким бўлдик ва яна қандай юксак марраларга эришмоғимиз керак!” шиори остида уюшма аъзоларининг бунёдкорлик ишлари тўғрисидаги янги публицистик китобни нашриётга топширганмиз. Ва яна бир қатор янги китобларни улуғ тўйимизга тўёна қилиш ниятимиз бор. 

-  Яқинда бир мухлис таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, Ёзувчилар уюшмасига 35 ёшгача бўлганлар қабул қилиниши  ҳақида айтган эди!?

-  Чегара 35 ёшгача эмас. Уюшмамизга 25 ёшдан 60 ёшгача бўлганлар қабул қилинади. Бунинг учун нафақат ўзимизда, вилоят бўлимларимизда ҳам қабул комиссиялари фаолият юритади. Шартлар етук ва самарали ижод маҳсули бўлса бас! Яқинда бир миш-миш эшитдим, гўёки, аъзоликка таниш-билиш ёки катта миқдорда пул талаб қилинар эмиш. Буларнинг ҳаммаси сафсата! Агар шундай бўлганида мен ҳеч қачон уюшма аъзоси бўлолмаган, ҳаттоки, ҳозир сиз билан суҳбатлашиб ўтирмаган бўлар эдим. Боиси, мен оддий Андижоннинг чекка Марҳамат туманидаги қишлоқда туғилганман. Раҳматли отам ҳайдовчи бўлган. Мана шу даражага етишимга фақат ва фақат изланиш туфайли эришдим. Яна шуни қўшимча қилишим мумкинки, уюшмамиз аъзоларининг қарийб ярмидан ортиғини ёшлар ташкил этади.

-  Икки даврни кўрган адиба сифатида бугун ёшларимиз томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар ҳақида нима дея оласиз? 

-  Яқинда бир кичкина қизалоқ ёнимга келиб, китоб чиқармоқчилигини айтди. Ўзини Зулфия мукофотига тавсия қилмоқчи экан. Очиғи, жуда ҳайратландим. Назаримда, мукофот илинжида ижод қилиш умуман ярамайди. Устозларимиз бизга сен шуҳратни қувма, шундай нарса яратгинки, ёзганинг юрагингдан тўкилсин. Ана ўшанда қанча керак бўлса, шуҳрат ортингдан ўзи  қувлайди деганлар. Ҳозирги кунга келиб, айрим ёшларимиз манфаатдорлик мақсадидагина ижод қилишмоқда. Ижод кўнгил иши, кўнгилдан яралган ҳар қандай нарсанинг умри узун. Мажбурлаб, “хўжакўрсинга” тайёрланган нарса баҳорда ёғган қор каби тезда эриб кетади. Бугун юртимизда муваффақиятга эришишга барча имкониятлар муҳайё. Шундай экан, ёшларимиз мана шу шарт-шароитлардан унумли фойдаланишлари лозим. Бундай имконият бизнинг даврда бўлмаган. Ҳаттоки, мен ҳам Истиқлол шарофати сабабли эл назарига тушганман.

- Халқимизнинг эъзозидаги шоира 25 йиллик тантанага қандай туҳфа ҳозирлаган?

-  Яқиндагина “Бундай элни қайдан топасан” номли катта ҳажмли китобим чоп этилди. Ва бунга қўшимча равишда “Керагимсан” номида ҳам кичик китобчам босмадан чиқди. Юқорида айтиб ўтган, “Ким эдигу, ким бўлдик ва яна қандай юксак марраларга эришмоғимиз керак!” шиори остидаги антологик китобда “Юксак марраларни кўзлаётган юрт” номли йирик мақолам Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакомпаниясига бағишланган. Яна шунингдек, яқин кунларда “Ватан - улуғ дарсхона” деб номланган публицистик тўпламим чиқиши байрамга муносиб совғам бўлади деган умиддаман. 

-  Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Top