09:40 / 09.08.2016
5792

Нагасакида атом бомбаси қурбонлари хотираси ёдга олинди

Япониянинг Нагасаки шаҳрида 71 йил муқаддам шаҳарга ташланган атом бомбасида ҳалок бўлганларнинг хотирасини ёдга олиш маросими бўлиб ўтди. Унда, мамлакат бош вазири Синдзо Абэ ва 50дан ортиқ мамлакатлардан келган меҳмонлар қатнашган. 

Ёдга олиш маросими Нагасакида 21 килотонналик атом бомбаси портлаган маҳаллий вақт кундузги 11:02да бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошланди. 

Тўпланганлар олдида чиқиш қилган Нагасаки ҳокими Томихиса Тауэ, АҚШ президенти Барак Обамага G7 саммити доирасида шаҳарга ташриф буюргани учун миннатдорлик билдириб, жаҳон давлатлари етакчиларини атом бомбаси ваҳшатларини шахсан келиб кўришга чақирди. 

"Биз давлатлар раҳбарларини Нагасаки ва Хиросимага таклиф этишда давом этамиз", — деган мэр. 

Нагасаки шаҳрида 74 минг тинч аҳоли вакили атом бомбаси портлашидан бир лаҳзада ҳалок бўлган. Япон матбуотининг ёзишича, улар орасида 12 минг япониялик насроний ҳамда меҳнат сургунига учраган хитойлик ва кореяликлар  ҳам ҳаётдан кўз юмган. Институтлар, мактаблар ва шифохоналар вайрон бўлган. 

Умуман, Хиросима ва Нагасакида ҳалок бўлганларнинг умумий сони 214 минг нафарга етади. Айни шаҳарлар инсоният тарихида ядро қуролининг аччиқ оқибатларини бошидан кечирган шаҳарлардир.

Top