17:51 / 10.08.2016
9560

Арктика қирғоқлари нима учун тез вайрон бўлмоқда

Фото: РИА Новости

Визе ороли қирғоқлари иқлим ўзгариши туфайли катта тезлик билан вайрон бўлмоқда. Сўнгги 7 йил ичида у 70 метрдан ортиқ масофага чекинди, буни дунё аксилрекорди деб ҳисоблаш мумкин. Бу ҳақида Россиядаги Жаҳон ёввойи табиат фонди (WWF) маълум қилди. 

"Визе ороли қирғоқларида аввал ҳам вайронагарчиликлар кузатилган, бу табиий жараён. Бироқ ўтган асрнинг 50-йилларида қирғоқнинг чекиниш тезлиги йилига 1,5 метрни ташкил қилган бўлса, 2009-2016 йиллар давомидаги  космик суратлар қирғоқнинг 74 метрга чекинганини кўрсатган. Тезликнинг ошиш сурати кишини ҳайратга солади", - дея сўзлайди гляциолог Александр Алейников.

Фонднинг маълум қилишича, бундай шиддатли ўзгаришлар биринчи навбатда қирғоқлардаги денгиз тўлқинларининг емирилиши билан боғлиқ. Тўлқинларнинг ҳаракати эса тўғридан-тўғри мавсумдаги ёз кунлари сонига боғлиқ, зеро ёзда музлардан холи очиқ сувлар бўлади. Landsat'нинг ўтган йилги космик суратлари таҳлили иқлимнинг исиши натижасида очиқ сув даврининг узайганини аниқлади. 2016 йилнинг 15 июлидаги космик суратда Визе оролининг сувли ҳудудида сузиб юрувчи музнинг буткул йўқлиги кўриниб турибди. 

"Маълумки, қирғоқлари вайрон бўлиш жиҳатидан дунё миқёсида  энг юқори тезлик  Новосибирь оролларида қайд этилган, улар йилига 5-15 метрга, баъзан кучли бўрондан кейин 20 метргача чекинади. Визе оролида қирғоқларнинг вайрон бўлиш тезлиги бундан ҳам юқорига ўхшайди. Кузатувларни давом эттириш лозим", - дея изоҳлайди Россия WWF "Иқлим ва энергетика" дастурининг координатори Оксана Липка. 

Фонднинг таъкидлашича, Арктика иқлими Ерга нисбатан тахминан икки баробар тез исимоқда. Бу эса ҳудудни ўзлаштириш истиқболларини очади, Шимолий денгиз йўлидан фаол фойдаланилади, муз камайиши туфайли фойдали қазилмаларни излаш жараёни тезлашади, янги объектлар барпо этилади, инфратузилма ривожланади. 

Top