22:24 / 13.08.2016
9003

ОАВ: АҚШдаги 9/11 терактларидан кейин ўтган 15 йил мобайнида хавфсизлик борасида нималар ўзгарди?

Фото: © AP

2001-йил 11-сентябрь куни Нью Йорк ва Вашингтон шаҳарларида амалга оширилган мудҳиш террорчиликлардан сўнг, АҚШ ҳукумати мамлакат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида салкам 1 трлн доллар маблағни сарфлаб юборди. Бироқ, бу маблағларнинг аксарияти бекорга кетган, дейиш хато бўлмайди. 

Atlantic журналида чоп этилган "Америка хавфсизлиги кучайдими?" мақоласида шу ҳақда сўз юритилган. Бу саволга жавоб қидирган муаллиф, АҚШ президенти Барак Обамадан ёзма изоҳлар олган, Америка хавфсизлик маъмуриятларининг собиқ ва амалдаги раҳбарлари билан суҳабтлашган. Булар орасида ФҚБ ва Миллий хавфсизлик департаменти раҳбарлари ҳам мавжуд. 

Мақола муаллифининг ўзи, Америка хавфсизлиги кучайдими?, деган саволга ижобий мазмунда жавоб берар экан, бирмунча илмоқли изоҳларни ҳам келтирган. 

"Ҳа, биз ҳозирда ўша машъум сентябрь куни тонггида АҚШни ларзага келтирган, уюштирилган ҳужумлардан йироқмиз, - деб ёзади АҚШда 9/11 деб аталадиган кун ҳақида. – Террорчиларнинг мамлакатимизга кириб келиши қийинлашди, кириб олган тақдирда ҳам бу каби мудҳиш жиноятларни содир этишлари ўз-ўзидан бўлмайди. Бироқ, биз хавфсизлик соҳасидаги энг таҳдидли тирқишлардан бирини ямадик холос...Бизнинг мудофаа чегараларимиз янада мустаҳкам, аммо ўзимизни асрашимиз керак бўлган нарса катта суръатларда ривожланмоқда".

Ҳавога совурилган пуллар

Муаллифнинг фикрича, "сўнгги 15 йилда Америка ҳукумати 100-150 млрд долларни миллий хавфсизлик соҳасида ўзини оқламаган ёки фойдасиз дастурлар ҳамда ҳақиқатда ишламаётган ускуна ва қурилмаларни харид қилишга сарфлаб юборилган".

Публицист фикрининг исботи сифатида мамлакатнинг 36та шаҳрида жорий қилинган бактеорологик хуруждан ҳимоя тизими BioWatch ҳақида сўз юритади. У, амалда фойда берадими-йўқми, аниқ эмас. Чунки, тизим ҳаётда синаб кўрилмаган. Буни хавфсиз равишда фақат лабораторияда текшириб кўриш мумкин, холос. Унинг 150дан ортиқ таҳдид ҳақида берган сигналлари асоссиз бўлиб чиқди. Бирмунча вақтдан кейин, маҳалий ҳукуматлар унинг сигналларига эътибор бермай ҳам қўйишди. Шунга қарамай, тизим сақланмоқда, унга хизмат кўрсатишнинг ўзи учун ўтган давр мобайнида солиқ тўловчиларнинг 1 млрд доллар маблағи сарфлаб юборилди. 

Бундан ташқари, "АҚШ МХД томонидан ишлаб чиқилган ва 1 млрд долларга айланган киберхавфсизлик соҳасидаги "Эйнштейн" дастури" кўпчиликнинг масхарасига сабаб бўлди. У, "шунчалик ҳам бесамар бўлдики, дастлаб кўплаб ҳукумат маъмуриятлари президент фармонига хилоф равишда уни ўрнатишдан бош тортишди", - деб таъкидлайди муаллиф. Унинг сўзларига кўра, танқидчиларнинг кескин фикрларига сабаб бўлган "Эйнштейн", 2014-15 йилларда АҚШ маъмурияти бош кадрлар архивига уюштирилган хакерлик ҳужумини бартараф этиш уёқда турсин, аниқлай ҳам олмаган. Ўшанда 25 млн шахсий маълумотлар ўғирланган эди. 

Бостон воқеаларида

Бошқа томондан "пуллар бекорга сарфланган дейиш ҳам нотўғри бўлур эди", дейди муаллиф. У, фикрининг далили сифатида 2013-йили Бостон марафони финишида Жоҳар ва Тамерлан Царнаевлар томонидан уюштирилган терактни ёдга олади. Маълум бўлишича, ҳодисадан ярим йил аввал, МХД маблағлари ҳисобига Массачусетс штатида кенг қамровли 24 соатлик ўқув машғулотлари ўтказилган. Натижада, марафон бошланишидан аввал, ҳукумат вакиллари тиббий нуқталарни шунчалик муваффақиятли жойлаштириб, одамларни шаҳар тиббий марказларига етказишни режалаштирганки, 264 нафар, шу жумладан энг оғир жароҳатланганлар ҳам фожиа жойида ҳалок бўлганлар сафига қўшилишмади", - дейилади Atlantic мақоласида.

Ҳаммасидан ёмони – ваҳима

Муаллифнинг қарашига кўра, мамлакат учун энг катта хавотир бу АҚШда "ифлос бомба" деб аталувчи қўлбола радиологик бомбанинг портлашига оид эҳтимол ва ҳудуднинг радиофаол моддалардан зарарланиши билан боғлиқ. Бунда, аҳоли орасида бомбанинг портлашидан келиб чиқадиган ваҳима энг даҳшатлисидир. 

Фитналар машинаси

Йирик публицистик мақолада кўплаб қизиқарли рақамлар ва фактлар ҳам келтирилган. Хусусан, АҚШ ФҚБ директори Жеймс Комининг маълум қилишича, унинг бошқармаси ходимларининг "тахминан ярми" миллий хавфсизлик йўналиши бўйича ишламоқда. Бу рақам 9/11гача "салкам чорак" фоизни ташкил этган. АҚШ ФҚБ бюджети эса ушбу давр мобайнида деярли уч мартага ошган. Умуман, Коми ўз бошқармасини "терроризмга қарши кураш бўйича яхши жиҳозланган машина" деб ҳисоблайди.

Зерикарли текширишлар

АҚШ аэропортларида йўловчиларни текширувчи ходимлар сони ҳам салкам уч бараварга ошиб, 16 мингдан 46 мингга етган. Аммо, муаллифга кўра, бу ҳам кам. Чунки, баъзи аэропортларда текширишдан ўтиш навбатлари кишининг юрагини орқага тортади. Муаллифнинг таклифига биноан, балки самолётларда қуролланган хавфсизлик ходимларининг ўрнига айни инспекторлар сонини оширган мақсадга мувофиқдир. Биринчидан, самолётларда парвоз қилувчи агентлар сони расман 5 мингга яқин (аниқ сони махфийлаштирилган) бўлиб, бу шундоғам кам. Американинг 440та аэропортида кунига 20 мингдан ортиқ парвоз амалга оширилади. Иккинчидан ҳаводаги хавфсизликни таъминлаш учун бошқа чоралар ҳам кўрилган: сўз юритаётганимиз назорат кучайтирилган, экипаж аъзоларининг кабинаси эшиклари мустаҳкамланган, кўплаб учувчиларнинг ўзлари ҳам қуролланган. 

Бунда, ҳаво қўриқлаш хизмати йилига 800 млн долларга айланади (ФҚБ бюджетининг 10 фоизи ёки Оқ уйни қўриқлаш билан шуғулланувчи махфий хизмат бюджетининг 40 фоизини ташкил этади). Яна бир гап, улар шу пайтгача, аниқ бир ижобий натижани кўрсатишгани ҳам йўқ. 

Мақолада АҚШ Миллий хавфсизлик департаменти хусусида ҳам аччиқ фикрлар билдирилган. Ташкилот, "давлат бюджетига йилига 64,9 млрд долларга тушаётган ва 240 минг ходимига эга улкан" мавжудотга қиёсланган. У ерда ҳам муаммолар тиқилиб ётибди: масалан, унинг амалдаги раҳбари Жей Жонсон, самолёт ва вертолётларни харид қилишда маблағларни тежаш учун АҚШнинг соҳил қўриқлаш хизмати ва Божхона хизматини бирлаштира олмаган. Аслида, уларнинг бевосита бошқаруви айнан Жонсонга тегишли. 

Гарчи, Жонсоннинг тан олишича, ушбу зерикарли текширувлар нақадар терактларни бартараф этганини айтолмаса-да, ўтган йилнинг ўзида инспекторлар томонидан 2,5 мингга яқин ўқотар қурол мусодара қилинган бўлиб, уларнинг 83 фоизи ўқланган ҳолда бўлган. 

Конгресс ҳам "оқ" эмас

АҚШ ижро ҳокимиятини террорга қарши курашдаги усулларини танқид қилган муаллиф, ўзининг аччиқ таъна дашномларини мамлакат қонунчилик ҳокимиятига ҳам йўналтиради. У, жумладан қонун чиқарувчилар биргина МХД фаолиятини назорат қилишни у ёки бу даражада Конгресснинг 119 қўмитаси ёки қуйи қўмиталарига юклаганини таъкидлаган. Департамент ҳисоб-китобига кўра, 2011-12 йилларда улар томонидан 300га яқин парламент эшитувлари ташкил этилган. Уларда департаментнинг раҳбар ходимлари иштирок этилиши талаб қилинган. Ўртача, ҳафтасига 3 соатдан шу каби мажлисларда ўтиришга тўғри келган. 

Ниҳоят, мақолада "оддий", яъни ғоявий асосга эга бўлмаган таҳдид ҳақида фикр юритилган. Бу ҳам бўлса, қуролли зўравонликлардир. Президент Обаманинг уқдиришича, "америкаликларнинг қуролли зўравонлик қурбони бўлиш эҳтимоли қўпорувчиликда ҳалок бўлиш хавотиридан кучлироқдир". 

Шунга кўра, мақола муаллифи сўнгсўз ўрнида "Конгресснинг соғ-носоғ, озод ва жиноятчи, террорчиларнинг ҳам эркин қурол сотиб олиш имкониятини бериши қайси соғлом ақлига тўғри келади, ахир?", деган саволни очиқ қолдиради.

Top