14:25 / 15.08.2016
20213

Лола Тиллаева ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг саволларига жавоб берди

Лола Тиллаева ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг миллат ва оила ҳақидаги саволларига жавоб қайтарди. Бунда у ўз илдизларини - боболари, бувилари ва киндик қони тўкилган масканни ёдга олди. 

"Мен ўзбеклигимдан фахрланаман. Мен ўз давримнинг самараси ва ўз миллатимнинг мевасиман. Бу қандай миллат дейсизми?

• Бу – Иккинчи Жаҳон уруши даврида ва ундан сўнг ўнлаб турли хил элат вакилларига бошпана бериб, уларни туғишган жигарларидек қабул қилган халқ;

• Бу шундай миллатки, у ҳеч қачон ўзга халқлар вакилларига нисбатан ирқчилик туйғуларини ҳис этмаган, уларга нисбатан ҳамиша бағрикенг муносабатда бўлган. Бу миллат вакиллари оила қураётиб, ўз манфаатлари эмас, балки севги-муҳаббат туйғуларига суянганлар. 

 Шу борада мен белорус бувим ва асли фарғоналик, миллати ўзбек бобомнинг мураккаб бўлса-да, аммо ниҳоятда қизиқарли ва мазмунли ҳаётларини мисол тариқасида келтириб ўтмоқчиман. Ҳаётнинг барча қийинчиликлари, шулар қаторида муҳтожлик ва қаҳатчилик йилларини бошдан кечирганликларига қарамай, улар умр йўлларидаги энг муҳим – бир-бирларига нисбатан бўлган ҳурмат ва муҳаббат туйғуларини сақлаб қолганлар. Уруш тугагач, орадан бир неча йил ўтиб, бобом бувимни ва кичик қизалоқларини (яъни, менинг онамни) ўзлари туғилиб ўсган Қувасой шаҳрига олиб келганлар. Менинг бувим эса кейинчалик ўз оналари (яъни менинг катта бувимни) ҳамда сингилларини Ўзбекистонга олиб келганлар. Улар Водийда узоқ йиллар умр кечириб, бобом Акбар қўйилган мўмин-мусулмонлар қабристони яқинида жойлашган насронийлар мозорига дафн этилганлар. Бир-бирига жуда яқин бўлган бу икки қабристон битта тепаликда жойлашган. Ушбу тепаликдан менинг болалик йилларим ўтган кўкаламзор Қувасой шаҳрининг чиройли манзараси намойиш бўлади.
У ерда бобом ва бувим ҳозир ҳам биргалар…

• Бу шундай миллатки, у ўзгаларга нисбатан ҳамиша ҳурмат билан ва дўстона муносабатда бўлган. Ахир, асрлар оша Ипак Йўлида истиқомат қилиб келган Мен ўзимни шу халқ авлоди деб биламан.

Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Қўқон, Фарғона каби улуғвор шаҳарларни бунёд этган ва жаҳон цивилизацияси равнақига бебаҳо ҳисса қўшган мутафаккирларни инъом этган миллатдир.

• Бу шундай заминки, унинг фарзандлари тафаккур эркинлиги ва илмга талпиниб, тараққиёт сари интилиб яшаганлар. 

• Бу заминда илм эгаси бўлмоқлик ва олижаноблик азалдан энг асл ҳислатлар ҳисобланиб, устозларга нисбатан ота-онага бўлгани каби чуқур ҳурмат ва эътибор кўрсатилган.

 • Шарқдан Ғарбга олиб борувчи йўлда жойлашган ушбу заминда улуғ истеъдод эгалари таваллуд топиб, инсоният оламини узоқ асрлар давомида маърифат чироғи билан ёритиб келганлар. Уларнинг кашфиётлари ҳозирги кунга қадар ҳам кўпчиликни ларзага солиб келади.

• Бу заминда Имом Ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Нажмиддин Кубро ва бошқа кўплаб буюк илм эгалари яшаб ўтиб, жаҳон узра диний илмнинг ривожланишига катта ҳисса қўшганлар. 

Мен ўзимни айнан буюк маънавий мероси ҳамиша жаҳолат ва нодонлик устидан ғолиб келган шу улуғ халқ авлоди деб биламан. Илдизи кучли бўлмаган дарахт кучли булмайди, ўз маданиятини ардоқламаган ҳамда унинг моҳиятини тушуна билмаган, ўзи вояга етган заминни севмаган киши кучли инсон бўла олмайди", - дейилади Лола Тиллаеванинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Шу ўринда Лола Тиллаева ҳам ўз ватандошларига савол билан мурожаат қилган:

"Сиз ўзингизни қайси илдизлар билан боғлиқ дея биласиз?"

Top