19:32 / 16.08.2016
10887

Июль тарихдаги энг иссиқ ой сифатида эътироф этилди

2016 йилнинг июль ойи бутун дунё кузатувлари бўйича, тарихдаги энг иссиқ ой дея эътироф этилди. НАСА иқлимшуносларининг таъкидлашича, бу йилги июль ойи нафақат 2015 йилги рекордни ортда қолдирди, балки энг иссиқ ўн ой сериясини давом эттирмоқда. Бу ҳақида The Independent нашри маълум қилди. 

НАСА экспертлари июль ойи саноат даврига қадар бўлган ўртача об-ҳаво кўрсаткичларидан Цельсий бўйича 1,3 даражага иссиқроқ бўлганини қайд этишди. Бундай ўсишнинг тахминан 0,2 даражаси Эль-Нино таъсирига боғлиқ, қолган 1,1 даража - инсон фаолияти орқали юзага келган глобал исиш натижаси. 

Океан ва атмосфера миллий тадқиқотлар бошқармаси (АҚШ) маълумотларига кўра, охирги 14 ойда рекорд даражадаги иссиқ иқлим кузатилган. 

Олимлар бундай рекорднинг ёз ойларида заифлашган Эль-Нинога деярли боғлиқ эмаслигидан хавотирга тушишмоқда. Аввал 2016 йилнинг юқори ҳарорати Тинч океани сувларини иситган Эль-Нино ҳодисаси билан боғланаётган эди. 

2015 йилда Буюк Британиянинг Метеорология маркази олдиндаги икки йил Ер тарихидаги энг иссиқ йиллар бўлишини айтиб огоҳлантирган.  

 

Top