13:49 / 17.08.2016
5123

Ҳиндистонда қўлбола маст қилувчи ичимлик инсонлар ҳаётига зомин бўлди

Ҳиндистоннинг Биҳар штатида қўлбола маст қилувчи ичимликни истеъмол қилиш натижасида 10 киши ҳаётдан кўз юмди, деб хабар қилмоқда India Blooms.

Таъкидланишича, ҳодиса Гопалганж туманида юз берган. 18 нафарга яқин киши уй шароитида тайёрланган маст қилувчи ичимликдан истеъмол қилишгач, уларнинг аксарияти қорин соҳасида оғриқ сезиб, қайт қилган. 

5 киши 16-август куни кечқурун заҳарланишдан вафот этган, яна беш нафари 17-августга ўтар кечаси шифохонага олиб келинган вақтда ҳаёт билан видолашган. 

Маҳаллий ҳукумат ўлим сабабларини аниқлаш бўйича тергов гуруҳини ташкил этиб, қўлбола ичимлик борасидаги тахминни инкор этмоқда. 

Шу йилнинг апрель ойидан штатда маст қилувчи ичимлик савдоси ва истеъмоли тақиқланган. 
 

Top