14:39 / 17.08.2016
8360

Приморьедаги болалар боғчасига кириб олган айиқ отиб ташланди

Приморье ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари  Киров туманидаги қишлоқда жойлашган "Сказка" номли болалар боғчасига кириб олган айиқни отиб ташлашди. Бу ҳақида вилоят маъмуриятининг сайтида хабар берилди

Маҳаллий аҳоли 12 август куни 6-7 ёшлардаги йирик қора айиқни кўриб қолди. Йиртқич ҳайвон шу ҳудуд яқинидаги ўрмонга жойлашиб олиб, ташландиқ жойларда дайдиб юрган, баъзан турар жойлар атрофида ҳам кўришган. 16 август куни у мактабгача таълим муассасаси ҳудудига кириб қолган. Болалар боғчасига Приморье полицияси ва ов назорат бошқармаси ходимлари етиб келишди. Боғча ишчиларига болалар ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи хавф пайдо бўлганлиги ҳақида маълумот берилди. 

Махсус тезкор гуруҳ айиқни ўрмонга ҳайдашга ҳаракат қилди, бироқ айиқ яна қайтиб келди. Манбада таъкидланишича, жонивор оч бўлган, шу боис одамларнинг ёнидан кетишни истамаган. 

Айиқ орқа оёқларида туриб, полиция ходимлари томон 10 метр масофага яқинлашганида унга ўқ узишга қарор қилинди. Ҳозирда қишлоқ ҳудуди назорат остида, аҳоли ҳаётига таҳдид солувчи ҳеч қандай хавф йўқ. 

Top