21:30 / 20.08.2016
8590

Ҳиндистон президенти Кашмир мухолифати билан учрашди

Фото: © AFP

Ҳиндистон президенти Пранаб Кумар Мукержи бир ярим ойдан бери тартибсизликлар давом этаётган Жамму ва Кашмир штати парламенти мухолифати делегацияси билан учрашди. Бу ҳақда президентнинг ўзи твиттерда маълум қилди. 

Мухолифат делегацияси раҳбари, штатнинг собиқ бош вазири Умар Абдулла учрашувдан кейин ҳудуддаги вазиятни тартибга солиш учун барча манфаатдор томонлар билан суҳбат ўтказиш зарурлигини айтди.

"Жамму ва Кашмир сиёсий муаммо, уни маъмурий йўллар билан ҳал қилиб бўлмайди", деб айтди учрашувдан кейин Абдулла. 

Абдулла шунингдек Ҳиндистон қуруқликдаги қўшинларининг Шимолий қўмондонлиги бошлиғи генерал-лейтенант Д.С. Худанинг штатдаги кескинликни камайтириш учун "барчанинг орқага чекиниб, музокаралар столи атрофига ўтириши лозимлиги" ҳақидаги сўзларини таъкидлаб ўтди.

Худа бу ҳақда 17 августда ҳарбийлар Пулвама округидаги рейд давомида мактаб ўқитувчисини ўлдирганларидан кейин айтди. Генерал эркак ўқитувчи ҳарбийлар қўлидан ўлганини тан олган. У рейдлар берухсат ўтказилгани ва ушбу ҳолат тергов қилинишини айтган. 

Кашмир водийсида орммавий тартибсизликлар Ҳиндистонда террорчилик ташкилоти деб тан олинган "Хизб-ул-Мужаҳидин" гуруҳи фаоли, 22 ёшли Бурҳон Музаффар Ваний йўқ қилинганидан кейин бошланган. Ихтилоф давомида 66 киши, жумладан 2 полициячи ҳалок бўлган, деярли 8 минг киши яраланган.

Жамму ва Кашмир штати кўпчилик аҳолиси мусулмонлар ҳисобланувчи Ҳиндистондаги ягона штат бўлиб, бу ерда мустақиллик ёки Покистонга қўшилиш тарафдорлари бўлган айирмачилар ҳаракат қилади. Шу билан бирга Кашмирда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида расмий чегара йўқ, икки давлат армиясини фақатгина назорат чизиғи ажратиб туради.

 

Top