20:37 / 29.08.2016
10725

Citroen янги седани прототипини намойиш этди

Citroen компанияси, ўз таъбирига кўра, юқори тоифали седан ҳисобланувчи  CXPERIENCE прототипини намойиш этди. Унинг биринчи расмий тақдимоти октябрь ойида Париж автокўргазмасида бўлиб ўтади. 

Узунлиги 4,85 метрни ташкил этувчи CXPERIENCE эни 2 метрни, баландлиги 1,37 метрни ташкил этади. Прототипнинг ғилдираклар базаси 3 метрга тенг.  

Концепт-карга гибрид мотор ўрнатилади. Унинг батареяси оддий электр тармоғидан қувватлана олади. Автомобилга бензинли двигатель, электрмотор, 3 кВт/соатлик батарея ҳамда 8 босқичли автоматик узатмалар қутиси жойланади. Моторларнинг жами қуввати 300 от кучига тенг. Электр қувват ёрдамида машина 60 км масофани ортда қолдира олади. 

CXPERIENCE интерьерида грек ёнғоғи ёғочидан, юқори сифатли мато ва теридан фойдаланилган. Унинг олд ўриндиқлари кўпикдан тайёрланган бўлиб, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг тана шаклини ўзида акс эттиради. 

Уни бошқариш учун приборлар панелига ўрнатилган 19-дюймли экран жавоб беради. Масалан у орқали мультимедиа тизими ва иқлим созламаларини ўзгартириш мумкин. Бундан ташқари, смартфон ёрдамида ҳам машинани бошқариш имконияти мавжуд. Хусусан, двигателни ишга туширса бўлади. 

CXPERIENCE моделининг орқа моделида ўтирган йўловчилар эса, планшетлари ёрдамида мусиқани ёки иқлим созламасини ўзгартира олишади. 

Шунингдек, прототипга орқани кўрсатувчи ойна ўрнига камера ўрнатилган. Ўзаро бирлаштирилган овоз кучайтиргич ва мирофон, проекцион дисплей, диодли ёритқичлар, 22 дюймли дисклар, эшикларнинг бир-бирига қарши томонга очилиши ҳамда атрофни кўрсатиш тизимини қайд этиш мумкин. 


 

 

Top