18:43 / 29.08.2016
16035

Вьетнам – Осиёнинг янги иқтисодий мўъжизаси

Вьетнам республикаси бир неча йил ичида қашшоқ мамлакатдан ўрта даромадли давлатлар қаторига қўшилган бўлса-да, эришилган натижалари билан қаноатланиш ниятида эмас. 

Вьетнам тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ҳажми бўйича 2015-йили рекорд кўрсаткични қайд этган бўлса, жорий йилда бу рақам ўсишда давом этмоқда. 2016-йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакатга киритилган сармоя ҳажми 11,3 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105 фоиз демакдир. Жаҳон иқтисодиётида турғунлик кузатилаётган бир вақтда шундай натижага эришилаётгани эътирофга лойиқдир. 

Мамлакатнинг сармоялар борасидаги муваффақияти бир томондан кўп сонли эркин савдо шартномалари билан изоҳланади. Аммо, албатта, бундан бошқа сабаблари ҳам борлиги аниқ. Давлат ҳукумати, Жанубий Корея, Тайвань ва Хитой сингари тез ва барқарор ривожланиш омилларини тўғри танлай олди. 

Вьетнам иқтисодиёти аввал ҳам, гарчи буни кўпчилик инкор қилишга уринса-да, тез суръатда ривожланаётган эди. 1990-йилларда аҳоли жон бошига ЯИМ ўсиши ўртача 6 фоизни ташкил этди. Бу эса, мамлакатни қашшоқ давлатлар рўйхатидан ўрта даромадли мамлакатлар сафига киритди. 

Келгуси 10 йилда республика йилига ўртача 7 фоиздан ўса олса, Хитой ва Осиёнинг бошқа «йўлбарслари» натижасини такрорлаши мумкин. Бироқ, бундай натижага олдиндан кафолат бериб бўлмайди. Мабодо, ўсиш суръати 4 фоизга тушиб кетса, Вьетнамни Таиланд ёки Бразилия дуч келган пасайиш кутмоқда. 


 

Top