12:26 / 31.08.2016
5059

WSJ: демократлар Клинтонларни жамғармаси билан алоқани узишга чақирмоқда

АҚШ Демократик партиясининг бир гуруҳ аъзолари Клинтонлар оиласига мурожаат қилиб, президентлик сайловида Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонгудек бўлса, Clinton Foundation билан алоқани узишга чақирган, деб ёзмоқда The Wall Street Journal.

Маълумки, АҚШ собиқ президенти Билл Клинтон, рафиқаси мамлакат раҳбарлигига сайланса, жамғарма директорлар кенгаши раҳбарлигидан кетишини ва корпорациялар, хорижий компаниялар ва ҳукуматлар ўтказадиган маблағлардан воз кечишини билдирган эди. 

Бироқ, Клинтонлар тарафдорларининг фикрича, бу чоралар жамғарма ҳомийлари томонидан таъсир ўтказиш эҳтимолини йўққа чиқариш учун етарли эмас. 

«Фонд сиёсий нуқта-и назардан чалғитувчи манёвр ҳисобланади. Оила билан алоқани узинг. Совринга Катта мукофот қўйилган. Ва бу Clinton Foundation эмас. Бу АҚШ президентлиги», — деб баёнот берган АҚШ вакиллар палатасининг Аризона штатидан аъзоси Рауль Грихальва.

Жамғарма ҳомийларидан бири Уильям Гэлстоннинг фикрича, «Клинтон оиласи Фонд билан алоқасини узгач, президентликни бошлаш ақлли қарор ҳисобланади». Унинг қўшимча қилишича, албатта осонликча бундай қарор қабул қилиш мушкул, аммо Клинтон маъмурияти ва мамлакат учун шуниси яхшироқ. 

Оилага яқин манбаларнинг фикрича ҳам Клинтонлар учун фонддан ажралиш осон бўлмайди. Оиланинг айрим иттифоқчилари, хусусан Лос-Анжелес демократлари раиси Эрик Бауманнинг таклифига кўра, Клинтонларнинг қизи Челси ташкилотда қолиши мумкин. 

Аввалроқ, АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп, мамлакат Адлия вазирлиги Клинтонлар Фондини молиялаштириш бўйича суриштирув ўтказиш мақсадида махсус прокурорни тайинлаши лозим, деб баёнот берганди. 

Top