13:39 / 01.09.2016
19834

Аргентина ботқоқларида сирли орол топилди

Google Maps’да сирли орол кўринмоқда. У Аргентинада – Буэнос Айрес яқинидан оқиб ўтувчи Парана дарёсининг ботқоқ манбаида жойлашган. Оролнинг координаталари: 34°15'07.8'S 58°49'47.4"W – истаган киши харитадан уни топиши мумкин. Бу оролни Нью-Йоркда яшовчи гидротехник-муҳандис Ричард Петрони топди. У маҳаллий киноҳужжатчилар Сержио Неспилерм ва Пабло Мартинес билан сирли оролни қидиришга отланди. Уни биринчи марта топишнинг иложи бўлмади, тадқиқотчилар ҳолдан тойиб, орқага қайтишди. Бироқ кейинги экспедиция муваффақиятли якунланди.  

Оролни “Кўз” дея номлаган тадқиқотчилар унинг мутлоқ доира шаклида эканлигини таъкидлашмоқда. У ўзидан бироз каттароқ диаметрда бўлган бошқа бир доира ичида жойлашган – унинг ичида  ҳаракатланиб айланади. Оролнинг атрофидаги сув шаффоф ва совуқ – қолган ботқоқдан анча совуқ. Ички доиранинг диаметри 119 метрдан иборат. Маҳаллий аҳоли сирли орол ҳақида билар, лекин унга яқинлашишга журъат этолмайди. Улар бу ерда илоҳий мавжудот яшашига ишонишади.  

Петрони ва унинг жамоаси Google Maps (харита) архивини кўздан кечириб, 2003 йилда оролнинг бўлганлигини аниқлашди. 

Тадқиқотчилар “Кўз”ни илмий ускуналар билан янада батафсил ўрганишни режалаштиришмоқда. Улар бунинг нима эканлиги ва қачон ҳамда қандай пайдо бўлганлигига қизиқишмоқда. Ҳозирда улар навбатдаги экспедицияга пул йиғишмоқда. Улар тадқиқотга ким 5 минг доллар ажратса, натижаларни биринчилардан бўлиб билишига ваъда беришди. 10 минг доллар эвазига эса, экспедицияда иштирок этиш мумкинлиги маълум қилинди. 

Уфологлар эса тадқиқотсиз ҳам вазият аниқ эканлигини билдиришди. Уларнинг фикрича, орол – қопқоқ, унинг остида – “учар ликопча” ёки ўзга сайёраликлар базасига олиб борувчи сувости йўли мавжуд. 

Top