12:31 / 07.09.2016
7912

Марғилонда “Атлас байрами” фестивали бошланди

Марғилонда 6 сентябрь куни “Атлас байрами” фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир доирасида ёш ҳунармандлар учун уч кунлик маҳорат дарслари ташкил этилди. «Ucell» компанияси матбуот хизматидан хабар қилишларича, жорий йилда компания ҳам мазкур тадбир ташкилотчилари ва ҳамкорлари қаторидан ўрин олди.

Фестиваль ёш ҳунармандлар учун тўқимачиликнинг анъанавий каштадўзлик, табиий бўёқлар, либослар дизайни турлари бўйича маҳоратини оширишга қаратилган амалий машғулотлар, маркетинг ва коммуникация йўналишида кўплаб тренинг машғулотларини ўз ичига олган. Машғулотлар дастурини академик Акбар Ҳакимов ва санъатшунос Бинафша Нодир очиб берди. «Ucell» компанияси, шунингдек, интернетнинг глобаллашуви ва ахборот билан ишлашга қаратилган маърифий дастурини ҳам тақдим этди.

Анжуман доирасида “Ўзбек тўқимачилиги ва барқарор ривожланиш” мавзуида давра суҳбати, “Марғилон осмони остида”, “Жаҳон тўқимачилиги: Шарқ ва Ғарб” номли кўргазмалар, Ивета Веценаненинг шахсий кўргазмаси, “Ҳунармандлар шаҳарчаси” ярмаркалари бўлиб ўтади. Бундан ташқари, ўзбек модельерлари ва ЮНЕСКО вакили Биби Расселнинг шоу-дефилеси ташкил этилади.

– Бугунги кунда таълим сифати, даражаси ва маҳоратни янада ошириш масаласи долзарб аҳамиятга эга, – дейди «Ucell» компаниясининг корпоратив коммуникациялар бўйича директори Родика Вербенюк. – Шуни инобатга олган ҳолда, биз халқ усталари ва ҳунармандлар учун машғулотлар ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватладик. Ўзбекистон анъанавий тўқимачилик санъати ўз нақшлари, мато ва табиий бўёқларининг жозибаси билан ҳар қандай кишини мафтун этади. Бизнинг компаниямиз эса миллий ҳунармандлик турларини интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали оммалаштиришда кенг имкониятга эга. Уста-ҳунармандлар кўп асрлик анъаналар ва замонавий билимни ўзида мужассам этган ўқув машғулотларида билим ва кўникмаларини бойитиши. уларни ўз ишини янада ривожлантиришда қўллаши ва шу орқали оиласининг иқтисодий фаровонлигини ошириши мумкин.

Фестиваль доирасида 9-10 сентябрь кунлари кураш беллашувлари, аскиячилар ва дорбозлар чиқишлари, “Девзира” ош танлови ва бошқа тадбирлар ташкил этилади.

Top