06:46 / 09.09.2016
7883

Британияликлар MasterCard устидан мамлакат тарихидаги энг йирик даъво аризасини бердилар

Буюк Британияда истеъмолчилар MasterCard тўлов тизими устидан жамоавий даъво аризаси беришди. Улар тўлов тизимидан Европа Иттифоқи ичидаги трансчегаравий операциялар бўйича юқори тўловлар олгани учун 14 млрд фунт стерлинг (18,8 млрд доллар) ундиришни талаб қилишмоқда. Бу ҳақда MarketWatch хабар бермоқда.

Нашрнинг таъкидлашича, Рақобатбардошлик масалалари бўйича ҳакамлик трибуналига берилган шикоят Буюк Британия юриспруденцияси тарихидаги энг йириги ҳисобланади.

Буюк Британиянинг собиқ молиявий омбудсмени Уолтер Меррикснинг айтишича, MasterCard’нинг ноқонуний сиёсати натижаси 1992 йилдан 2008 йилгача барча харидлар нархининг ошиши бўлди.

Даъво берувчиларнинг манфаатини Quinn Emmanuel Urquhart & Sullivan LLP юридик компанияси ҳимоя қилмоқда. Ретейлерлар MasterCard’дан ундирилувчи банклараро комиссиялар сабабли жиддий харажатларга учраганлар, бу харажатлар эса маҳсулотлар ва хизматлар нархига қўшилган ҳолда истеъмолчилардан ундирилган.

2008 йилда Еврокомиссия MasterCard томонидан трансчегаравий битимларни ишлаш учун банклараро комиссияларнинг ундирилиши Европа Иттифоқининг антимонопол қонунчилигини бузиши ҳақидаги хулосага келганди. 2014 йилда бу қарорни Европа суди қўллаб-қувватлаган.  

MasterCard – энг йирик халқаро тўлов тизимларидан бири ҳисобланиб, 150 дан кўпроқ жаҳон валютасида операцияларни амалга оширади ва 210 та давлатда тақдим қилинган.

Top