18:50 / 09.09.2016
15304

Саудия Арабистонига ҳаж ибодати учун келганлар сони маълум қилинди

Араб ОАВнинг хабарларига кўра, 2 млнга яқин зиёратчи Ҳаж ибодатини амалга ошириш учун Саудия Арабистонига ташриф буюрган. 

Бу йил, зиёратчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва ўтган йилги бир неча юз кишининг ўлимига сабаб бўлган ур-йиқитнинг олдини олиш мақсадида қўшимча чоралар кўрилган. 

Ҳаж ибодати – Саудия Арабистонидаги Макка-и Мукаррама шаҳрини йилнинг маълум бир вақтида зиёрат қилиш билан амалга оширилади. Ҳаж муқаддас Ислом динининг иймон, намоз, закот ва рўзадан кейинги бешинчи устуни ҳисобланиб, уни имкони бор мусулмон киши умрида бир марта амалга ошириши фарздир. 

Associated Press ахборот агентлигининг хабарига кўра, 2015 йилги ҳаж мавсумида юз берган тўполонда камида 2426 киши ҳаётдан кўз юмган эди. 

Аввал хабар қилинганидек, Эрон ҳукумати мамлакат фуқароларини ҳажга юбормасликка қарор қилган. Эрон диний уламолари, мамлакатнинг Саудия Арабистони ва қатор араб давлатлари билан дипломатик муносабатлар узилганини важ қилишмоқда. 

Эрон Ислом Республикаси диний раҳнамоси оятолло Али Хаменеи эса, 5 сентябрь куни Саудия Арабистонининг ҳаж ишларига масъул шахсларини танқид қилган эди. Хаменеининг фикрича, 2015 йилги тўполонда ҳожилар, хусусан 460 нафар эронликнинг ўлимига айнан саудиялик ташкилотчилар айбдор. 

Top