15:41 / 15.09.2016
6571

Хьюстонда  уйни ўмарган болалар ўғирланган буюмлар рўйхатини қолдиришди

Хьюстоннинг (Техас штати, АҚШ) жануби-ғарбида ўғрилар уйни ўмариб, ўғирланган буюмлар рўйхати ва жиноят сабабларини изоҳловчи хат қолдиришган. Бу ҳақида KHOU портали хабар берди

Уй соҳиби Жозеф Альварадонинг сўзларига кўра, у Бексли Драйвдаги уйига қайтгач, бир неча буюмлар йўқолганини кўрган, уларнинг орасида PlayStation 4 ўйин консоли, бир жуфт контроллер ва қизининг ноутбуки бўлган. 

Жабрланувчи тушуниш қийин бўлган, болалар ҳуснихатида ёзилган 2 хатни кўрган. Улардан бирида жиноятчилар ўғирликнинг сабабига изоҳ беришган. "Мен сизнинг нарсаларингизни ўғирладим, чунки акам менга шундай қилишимни айтди", - деб ёзилган биринчи хатда. 

Иккинчи хатда эса Альварадонинг уйидан ўғирланган буюмлар рўйхати ёзилган бўлган. "Бундай бемаъни гапларни ўқиш оғир. Кимдир уйинга бостириб кириб, тартибсизлик қилиб, буюмларни ўғирласа-да, буни яхши танлов, деб ўйлашини англаш қийин", - деди жабрланувчи. 

Уй эгаси ўрта мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаши ҳамда ҳаётда нотўғри йўлни танлаган болалар билан ишлашини айтди. "Охир-оқибат менда ҳам шундай вазият юзага келди", - дейди у. 

Жабрланувчи полицияга даъво аризаси ёзди ва турар жойининг хавфсизлигини кучайтиришга киришди.

Top