12:20 / 16.09.2016
94698

Ўзбекистон президенти лавозимига Парламентнинг вице-спикери Сарвар Отамуродов номзоди тақдим этилди

"Миллий тикланиш" Демократик партияси Ўзбекистон Президенти лавозимига Сарвар Отамуродов номзодини илгари сурмоқда. Бу ҳақида МСК ўзининг Facebook'даги саҳифасида маълум қилди. 

"Миллий тикланиш" ЎзМТДП Марказий Кенгашининг еттинчи пленумида шунга доир қарор қабул қилинди. 

Партия Пленумининг мажлисида "Миллий тикланиш" Ўзбекистон Президенти лавозимига Сарвар Отамуродов номзодини тақдим қилди. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти сайловлари 2016 йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтади. 

Сарвар Саъдуллаевич Отамуратов 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати - ўзбек. Маълумоти - олий. 1995 йилда Тошкент давлат университетини (ҳозирда Ўзбекистон Миллий университети) аъло баҳоларга тамомлаган. 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси, 2003 йилда эса  - Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Ижтимоий фанлар номзоди. Ўзбекистон "Миллий тикланиш" Демократик партияси (ЎзМТДП) Марказий Кенгаши раиси. 

2000 йилда у "Ижтимоий фаол ёшларнинг миллий онги ва унинг Мустақил Ўзбекистон шароитида шаклланиши" (ижтимоий таҳлил) мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаган. 

1995-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг валюта-иқтисодий бош бошқармаси бўлим бошлиғи,  бошқарма бошлиғи ўринбосари ва Бош бошқарма бошлиғи лавозимида фаолият юритган. 2006-2010 йилларда суғурта компанияларида ишлаган. 

2010-2014 йилларда - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раис ўринбосари. 

2015 йилдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикер ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатади, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари бўйича Қўмита аъзоси. 

Сарвар Отамуродов бир қатор илмий монографиялар ва 50дан ортиқ илмий мақолалар муаллифидир. 

Оилали. Икки фарзанднинг отаси. 
 

Top