21:09 / 16.09.2016
12550

ОАВ Unilever’нинг актриса Жессика Альбанинг компаниясини сотиб олмоқчи эканлигидан хабардор бўлди

Dove ва Domestos каби брендлар эгаси Unilever компанияси Голливуд актрисаси Жессика Альба томонидан асос солинган ва экологик болалар тагликлари ва гигиеник воситалар ишлаб чиқарувчи Honest Co. компаниясини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда хабар бермоқда. 

Нашр манбалари маълумотларига кўра, Unilever 1 млрд доллардан кўпроқ қийматга эга битимни муҳокама қилмоқда. Музокаралар илк босқичида турибди, Honest акцияларини биржага чиқариши ҳам мумкин.

Honest компанияси 2011 йилда яратилган. Компания 100 дан ортиқ маҳсулот, жумладан гипоаллерген кир ювиш кукунлари ва маиший тозалаш воситалари, болалар тагликлари, шахсий гигиена воситалари ва косметик маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Honest ўз маҳсулотини сайти ва Target ва Whole Foods Markets каби ретейлерлар орқали сотади.

Нашрнинг ёзишича, компания фаолияти давомида 200 млн доллардан кўпроқ инвестиция жалб қилган ва баъзи инвесторлар олдида агар компания сотиладиган бўлса улар киритган маблағни икки ҳисса қилиб қайтаришга ваъда берган. 2015 йилда компания 1,7 млрд долларга баҳоланган. Маълумотларга кўра, компания йилига 300 млн долларга яқин даромад олади. 

Компания асосчиси Жессика Альба 2016 йилда Forbes журналининг ўз давлатини мустақил равишда тўплаган АҚШнинг энг бадавлат аёллари рейтингига биринчи марта кирди. Альба бу рўйхатда 42-ўринни эгаллади. Нашр унинг бойлигини 340 млн долларга баҳолаган. 

Unilever компаниясининг Honest’ни сотиб олиши тез суръатлар билан ўсаётган экологик тоза тозалаш ва гигиена воситалари бозорида ўз мавқеини мустаҳкамлаб олишига имкон беради. Unilever ўз маҳсулотларини бутун дунёда сотади, бироқ АҚШда Honest билан рақобатлашмайди.

Honest эса Procter & Gamble ва Clorox каби йирик компаниялар билан истеъмолчиларга кучли кимёвий моддалардан ҳоли тозалаш воситаларини тақдим қилишга ваъда бериб рақобатлашишга уриниб келади. 

 

Top