09:42 / 17.09.2016
10757

Мел Гибсон 9-маротаба ота бўлиш арафасида турибди

Голливуд актёри ва режиссёр Мел Гибсон 9-маротаба ота бўлиш арафасида турибди. Унинг 25 ёшли маъшуқаси Розалинд Росс фарзанд кутмоқда. Бу ҳақда жуфтликка яқин бўлган манбага иқтибос келтирган ҳолда People нашри хабар бермоқда. 

"Мелга ота бўлиш ёқади, у Розалинд билан бирга ота-она бўлишни интиқлик билан кутмоқдалар", деб айтди манба. Унинг айтишича, охирги икки йил Гибсоннинг ҳаётидаги энг бахтли онлар бўлган. Таъкидланишича, жуфтлик фарзандининг 2017 йил бошига дунёга келишини кутмоқда.

Икки йил аввал актёр билан учрашишни бошлаган Росс учун бу биринчи фарзанд бўлади.

60 ёшли актёрнинг собиқ рафиқаси Робин Мур билан турмушидан 7 нафар: Ханна (1980 йилда туғилган), эгизаклар Эдвард ва Кристиан (1982), Уильям (1985), Луи (1988), Майло (1990) ва Томас (1999) исмли фарзандлари бор. Жуфтлик 2011 йилда ажрашиб кетган.

Гибсон рафиқаси билан ажрашаётган вақтда россиялик Оксана Григорьева билан учрашишни бошлаган. 2009 йил октябрда Гибсон Оксанадан Люсия исмли қиз фарзанд кўрган. Бироз ўтиб Григорьева Гибсонни зўравонликда айблаган ва улар ажрашиб кетишган.

АҚШ-Австралия актёри, режиссёр, сценарийнавис ва продюсер Гибсон иккита "Оскар" ва "Шерюрак" фильми режиссураси учун "Олтин глобус" мукофоти билан тақдирланган. Австралия ордени фахрий зобити ҳисобланади. Унга жаҳоншумул машҳурликни "Телба Макс" фильми келтирган.

 

Top