18:54 / 19.09.2016
17411

Ёшларга оид янги қонун моҳияти талабаларга тушунтирилди

Тошкентда “Юксак ҳуқуқий маданият – келажак пойдевори” мавзуида семинар бўлиб ўтди. Республика Маънавият тарғибот маркази томонидан ташкил этилган тадбирда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талаба-ёшлари иштирок этди. 

Ўзбекистонда аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгилангани таъкидланди. Зеро, жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борадаги ислоҳотларнинг самараси кўп жиҳатдан фуқароларнинг, мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларнинг ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқдир. 

Ёш авлоднинг ҳуқуқий билимини юксалтиришда ҳуқуқий адабиётлар муҳим аҳамиятга эга. Ўтган йиллар давомида бу йўналишда ўн мингдан ортиқ номда дарслик ва ўқув-услубий қўлланмалар яратилди. Ҳуқуқий тарғибот ишларини кўргазмали қуроллар ёрдамида олиб бориш мақсадида плакат ва буклетлар чоп этиб келинмоқда. 

Тадбирда ёшлар ҳуқуқларига оид қабул қилинган янги қонун ҳужжатлари моҳияти ҳақида ҳам маълумот берилди. Жумладан, 2016 йил 15 сентябрда кучга кирган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида ҳозирги замон талабларини ҳисобга олган ҳолда ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари мустаҳкамлаб қўйилди. 

Қонунда ёшларга оид давлат сиёсатини марказда ва жойларда рўёбга чиқаришни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи органлар ва муассасалар вазифалари, ваколатлари, шунингдек, уларнинг бу соҳадаги жавобгарлиги аниқ белгиланган. Ушбу органлар зиммасига ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқариш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт, меҳнат ва бошқа соҳаларда ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган талаблар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шак-шубҳасиз ижро этилишини таъминлаш, ҳуқуқий тарғиботга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, ёшлар орасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш вазифалари юклатилди. 

Қонун ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини мустаҳкамлашга, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади.

Top