17:00 / 22.09.2016
26176

Нақд пул можароси: кейинги бекат – Банк!

Ҳар бир мамлакатда қабул қилинган қонунлар ўша жамият манфаати, ривожланиши ва инсонлар турмуш тарзини янада фаровонлаштиришга хизмат қилади. Ана шу қонунлар асосида жамият пойдевори мустаҳкамланади.

Ўзбекистонда ҳам турли соҳалар сингари банк соҳасида ҳам бир нечта қонунлар қабул қилинган бўлиб, улар мижоз ва банк ўртасидаги муносабатларга ойдинлик киритади.

Масалан, “Банклардаги депозит ҳисоб-варақлардан нақд пул тўловларини узлуксиз таъминлаш кафолатлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида (пқ-147)  шундай дейилади: “Тижорат банклари ва уларнинг филиаллари аҳоли ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг маблағларини депозитларга жалб этиб, уларни айланмага қўйиб ва шу ҳисобдан банк даромад олиб, амалда омонатчилар ҳисобига манфаат кўриб, айни вақтда ўзларининг омонатчилар олдидаги тўғридан-тўғри мажбуриятларини аниқ бажармасдан, уларнинг қонуний талаблари ва эҳтиёжларига бефарқ қараётганликлари, бунинг устига омонатчиларнинг буюртмаларини қондириш чоғида ўз мавқеини суиистеъмол қилиб, уларнинг манфаатларини писанд қилмасликлари мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатлар деб ҳисоблансин”.

Қарордаги бу гаплар Ўзбекистонда фаолият юритувчи барча тижорат банкларга тааллуқлидир, бироқ бу гапдан улардан айримларининг хабари йўқ назаримизда. Бундай дейишимизга асослар етарли...

Қарор ҳажми каттагина, айни дамда уни шарҳлашга ҳожат йўқ. Аммо билганимиз шуки, ушбу банкларда ишловчи ходимлари мижоз билан муносабатда ўзларини худди чайқов бозоридаги каби тутишларидир, яъни қандай: сиз бирор иш билан борасиз, улар эса “эрта келинг, индин келинг, бугун у ходимнинг қорни оғриб қолди, бугун мижоз кўп, бугун компьютер ишламай қолди, эратага юз фоизлик жавоб билан бажарилади”, каби гапларни эшитиб, ҳайрон қоласиз. “Мен ўзи қаердаман?”, деган савол ёприлиб келади. Шу банкка миллион-миллион пулларингни ишонсанг-у, у бўлса сизни ёш боладек ахмоқ қилса, додимни кимга айтай, деб қоласиз. Аммо додингизни фақат мана шу банк эшитади ва юқоридаги жавоблар билан сизни “сийлайди”.

Бизни бу вазиятга диққатимизни қаратишимизга “Давр банк” Амалиёт бошқармасидаги (МФО 00981) ҳолатлар сабаб бўлди. Нақд пул олиш учун борганимизда, у ердагилар чунонам “ҳунар” кўрсатишдики, буни ҳатто дарбозлар ҳам уддалай олишмайди. Ходимлар маошига қўшиб нақд пул бериш илинжида банк эшигига бош суқдик. Шу ўринда бир гап: бунга ўхшаш банкларнинг ўз “ставкаси” бор. Ҳисоб-рақамдаги пулнинг истаган фоизини нақд пул қилиб беришади ва бу истак 30 фоиздан ошмайди. Аммо шунга ҳам ўн кунлаб югурилади, йиғлаб-сиқталади, “катта оға”лар ўртага суқилади, ишқилиб она сути оғизга келади.
Бу ерда ҳам шу аҳвол. Бизнинг йиғлашга на кўз ёшимиз бор ва на “катта оғаларимиз”, шу сабаб бўзчининг мокисидек қатнай бошладик. Шунга яраша ишлар битса, майли эди, бироқ “мокилигимиз” ҳамон давом этмоқда.

Бу нима?

“Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун”, деган гапга қарши боришми? Ёки банкирлик бюрократиянинг бир кўриниши деганими?
Бу қоидаларга, банкларнинг ўзлари биладиган сирларга тушунмаймиз, тушинишни ҳам истамаймиз. Билганимиз, қонунларга ҳар бир ташкилот, ҳар бир шахс сўзсиз бўйсинишидир. Бўлмаса, қоғоздагилар қонунлар эмас, қораламалар бўлиб қолмайдими?

Сарвар Анвар ўғли

Top